Актам Ҳаитов: Жамоатчилик палатаси: жамиятни ислоҳотлар ташаббускорига айлантиради

10:49 28 Апрель 2020 Сиёсат
1850 0

Жорий йилнинг 16 апрель куни Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги муҳим ҳужжатни имзолади. Ушбу долзарб масала дастлаб давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ўз ифодасини топган эди.

Мурожаатномада давлат раҳбари томонидан “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаб бериш” муҳимлиги қайд этилиб, жамоатчилик палатаси ташкил этиш юзасидан таклиф баён қилинганди.

Биз мазкур янги тузилма аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришда амалий механизм бўлишига қатъий ишонамиз.

Айтиш жоизки, Мурожаатномада илгари сурилган “Жамият–ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя асосида қабул қилинган мазкур фармон давлат бошқарув органлари устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириб, жамият ҳаётини демократлаштиришга қаратилган жамоатчилик фаолиятини ташкил этишни янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, мамлакатимизда жамоатчилик палатаси институтига ҳуқуқий мақом берилиши билан, энг аввало жамоатчилик назорати ҳуқуқий меъёрлар асосида ўзаро тартибни ва жамиятда барқарорликни таъминлашга кенг имконият яратилди. Чунки жамоатчилик палатасининг фаолияти умумманфаат йўлида амалга оширилиши сабабли қуйидаги жиҳатларни устувор, деб билади.

Биринчидан, жамоатчилик палатаси фуқароларнинг қизиқишлари, интилишлари, эҳтиёж ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Иккинчидан, давлат назорати фаолиятидан фарқли равишда фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат тараққиётини таъминлашга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.

Учинчидан, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришни, давлат ва жамият тараққиётида фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини уйғотишни рағбатлантиради.

Фармонга мувофиқ, жамоатчилик палатаси қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини ташкил этмоқда. Жумладан, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини таъминлаш орқали уларнинг жамият ва давлатни ривожлантиришга қаратилган фаолиятини бирлаштиради. Аҳолининг ижтимоий фикрини тизимли ўрганиб, жойларда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилади. Уларнинг ечими билан боғлиқ масалаларда тегишли тартибда таклифлар киритиб боради.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича тегишли тартибда тизимли ишларни амалга оширади. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарув органлари билан ҳамкорлик даражаси, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқади.

ЎзЛиДеП Жамоатчилик палатаси ишида фаол иштирок этади. Негаки партиямиз фуқаролар, жамият ва давлат ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатишдан ҳамда давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришдан манфаатдор. Боиси мазкур палата мамлакатимизда бошқарув тизими сифатини ошириш ва жамиятда энг муҳим бўлган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойилини тўла қарор топтиришга хизмат қилади.

Бу борада ЎзЛиДеП халқ билан мулоқот қилишнинг самарали тизимини яратиш Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш асосларидан бири ҳисобланади, деган қатъий позиция тарафдоридир. Ўз навбатида, ЎзЛиДеП парламент ва Халқ депутатлари Кенгашларида давлат органлари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фуқаролар томонидан кўтарилган долзарб муаммолари бўйича ҳисоботларини мунтазам равишда эшитишни йўлга қўйишга ҳаракат қилади.

Ишонамизки, партия аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш орқали ўзининг сайловолди ваъдаларини амалда бажаради, халқимиз билдирган ишончни оқлайди ва ушбу ишончни янада мустаҳкамлайди.

Умуман олганда, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилгани жамият ижтимоий ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда энг муҳими фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер