Ахборот хизмати раҳбарларига гувоҳномалар топширилди

17:11 20 Декабрь 2023 Жамият
1083 0

Фото: “Халқ сўзи”

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда журналист, блогерлар ҳамда ҳокимликлар, корхона ва ташкилот ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этишди.

Учрашувда медиа макондаги бугунги вазият, глобаллашув жараёнларидаги инсон онги учун курашларнинг чиркин кўринишлари туфайли юзага келаётган чақириқларга тезкорлик билан муносиб жавоб қайтариш, вилоятда амалга оширилаётган улкан миқёсдаги ислоҳотлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш масалалари бош мавзу бўлди. Шунингдек, корхона, ташкилотлар матбуот хизматлари ишларининг самарадорлигини ошириш, хронологиядан кўра кўпроқ таҳлилга эътибор қаратиш, Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар билан узвий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қуйиш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди.

— Бугун вилоятдаги корхона ва ташкилотлар ахборот хизматлари ходимларининг аксарияти ўз вазифаси ва ваколатларини тўлиқ билишмайди, десак муболаға эмас, — дейди вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов. –Улар ўзларига алоқаси бўлмаган юмушларга кўмиб ташланган. Бу ўз-ўзидан ахборот хизмати ходимлари ишлаётган субъектда информация тақчиллигини юзага келтириб, турли уйдирмалар пайдо бўлишига шароит яратмоқда. Энг ачинарлиси, бу ҳолатлар ўша корхона ёки ташкилотнинг очиқлик кўрсаткичларини ортга тортмоқда.

Тадбирда аттестациядан ўтказилган бир гуруҳ ахборот хизмати раҳбарларига гувоҳномалар топширилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер