Айрим мансабдор шахсларнинг депутат сўровига беписандлигига чек қўйилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Сўнги йилларда Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини ташкил қилиш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини таъминлашга қаратилган ишлари анча жонланган бўлса–да, бироқ амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар борлигини кўрсатмоқда.
Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси томонидан юборилган депутат, сенатор сўровларига мансабдор шахслар томонидан айрим ҳолларда беписандлик билан қараш, яъни ўз вақтида жавоб бермаслик, муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш, сўров юборилган мансабдор шахснинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан жавоб қайтариш, маҳаллий кенгаш депутатининг дахлсизлик ҳуқуқига риоя этилишига оид муаммоларни санаб ўтиш мумкин.
Хусусан, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида депутат ва сенатор сўровига мансабдор шахс номига юборилган депутат (сенатор) сўровига мансабдор шахснинг ўзи жавоб бериши лозимлиги тўғрисида мажбурий норма йўқ.
Қонунчиликда мавжуд бўлган мазкур бўшлиқ туфайли Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан мансабдор шахслар номига юборилаётган сўровларга мансабдор шахсларнинг ўзи эмас, балки уларнинг ўрнига турли даражадаги ходимлар жавоб бераётганлиги маълум бўлди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, депутат мансабдор шахсларга, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасида сўров юборишга ҳақли. Яъни бундан кўринадики, ҳар бир депутат сўровининг ортида авваламбор халқ манфаати туради. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим мансабдор шахслар бундай сўровларга беписандлик билан қараб келмоқдалар. Аксарият ҳолларда депутат сўровига жавобни бевосита мансабдор шахснинг ўзи эмас, балки бунга ваколати бўлмаган бошқа шахслар томонидан имзолаш ҳоллари кузатилмоқда.
Буни бартараф қилишнинг энг самарали йўли қонун ҳужжатларида депутат сўровига жавобни мансабдор шахснинг ўзи томонидан имзоланиши зарурлигини белгилаб қўйишдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент назоратининг таъсирчанлигини кучайтириш бўйича ўзининг бир қатор таклифларини билдирар экан, депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтараётганлигини асосли танқид қилди ва бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимиз раҳбари парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш чораларини кўриш лозимлигига эътибор қаратиб, парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қилди.
Қонун лойиҳаси мамлакатимиз раҳбарининг ана шу таклифи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у парламент, депутат ва сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий нормани жорий қилишни кўзда тутади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга, пировардида эса ҳокимиятнинг бўлиниши принципини мустаҳкамлашга ҳамда вакиллик демократиясининг ривожланишига хизмат қилади.
Жаҳонгир Ширинов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг