Аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжи қондириладими?
Куз фаслининг тенг ярмини ортда қолдирдик. Остонада қиш! Табиийки, қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли хаёлида бир ўй: “Кўмир олишим керак!”. Чунки, сир эмас, қиш-қировли кунларда электр энергияси ва табиий газ таъминотида рўй берадиган узилишлар кўпчиликда бу кўникмани ҳосил қилган.
“Кўмиртаъминот” масъулияти чекланган жамияти Андижон вилоят филиали раҳбари Баҳодир Султоновнинг айтишича, мазкур масалада андижонликларнинг ташвишга тушишига асло ҳожат йўқ.
-Халқимиз мушкулини енгил қилиш учун август ойиданоқ ҳаракатни бошлаганмиз, - дейди Б. Султонов. - Ҳозирда омборларимизда 99 минг 556 тонна кўмир бор. 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида жами 309 минг 476 тонна кўмир сарфланиши ҳисоблаб чиқилган. Шундан 210 минг тоннаси аҳоли эҳтиёжига йўналтирилади. Шу кунгача 46 минг 213 тонна ёнилғи тарқатилди. Асака, Шаҳрихон, Избоскан, Пахтобод Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманларидаги омборларимизда яна 5 минг 384 тонна кўмир мавжуд.
Хўш, айни мавзуда аҳолининг фикри қандай бўлмоқда?
-Оиламиз кичик, тўрт киши бўлганимиз учун бир мавсумда 2 тонна кўмир сарфлаймиз, - дейди Қўрғонтепа шаҳридаги “Савой” МФЙда яшовчи Одинахон Сотволдиева. –Ҳаво совий бошлаши билан туманимиздаги кўмир омборига келдим. Харид тартиблари анча соддалашибди. Маҳалладан маълумотнома билан фуқаролик паспорти талаб қилинди, холос. Оила аъзоларининг сонига қараб 4 тоннагача кўмир бериляпти. Нархлар ҳам унча қиммат эмас.
Ёнилғи таъминотида ҳисоб-китоблар баъзан ўзини оқлай олмаслиги маълум. Зотан, қиш қандай келишию аҳоли томонидан қанча кўмир сарф этилиши тахминларга асосланади. Шу боис филиал томонидан “Ўзбеккўмир” АЖ билан аввалги йилларга қараганда 30 тонна кўп ёнилғига шартнома тузилди. Умид қиламизки, бу саъй-ҳаракатлар кўмир таъминоти масаласида аҳоли эътирозларининг олдини олади.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг