Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди
Республикамизда тиббиёт соҳасига бўлган эътибор туфайли ҳатто чекка ҳудудларда ҳам аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга эришилмоқда. Булоқбоши туманида марказий шифохона учун янги замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги ҳам бунга мисолдир. Лойиҳа қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этган ушбу иншоотда 122 ўринли юқумли касалликлар, режали жарроҳлик, реанимация ҳамда шошилинч қабул бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Барча бўлимлар замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлангани аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
— Фойдаланишга топширилган бино аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқди, десам хато бўлмайди. Боиси, барча бўлимлар янги ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди, — деди Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Маҳмуджон Ғозиев. — Энг муҳими, аввал мавжуд имкониятлар чекланган бўлса, эндиликда шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилди. Бу эса ташхис қўйиш ва даволаш жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу орқали аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси ҳам ортиши табиий.

Мазкур шифохонанинг аввалги биноси 1962 йилда қурилган бўлиб, вақт ўтиши билан бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган эди. Янги бинода яратилган шарт-шароитлар эса нафақат 160 минг нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда, балки соҳа ривожидаги муҳим қадам сифатида аҳамият касб этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг