Аҳолига кўрсатилаётган нейрохирургия хизматининг сифати ортмоқда
Тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Сабаби фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётир.
Тиббиётдаги ислоҳотлар натижасида сўнгги етти йилда нейрохирургия йўналиши ҳам катта ўзгаришларга юз тутди. Хусусан, илгари фақат республика марказида бажариладиган жарроҳлик ва даволаш амалиётларининг қарийб 40 фоизи юртимизнинг 14 та ҳудудида жорий этилди.
Нейрохирургия хизматининг кўлами ва ҳажми, тиббий хизмат сифати вилоятларда ортиб бораётгани, маҳаллий мутахассисларнинг ёш болаларда бош мия нуқсонларини юқори технологик жарроҳлик амалиётларини мустақил равишда бажариши бунга яққол мисолдир.
Қувонарлиси, бугун марказлар энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, турли нейрохирургик касалликларига чалинган беморларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Шунингдек, давлат томонидан нейрохирургия йўналиши бўйича ёш мутахассисларни хорижда малака ошириши фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса ёш шифокорларга замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиб, кейинчалик олган тажрибаларини Ўзбекистон тиббиётига татбиқ қилишга имкон беради.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида охирги 6 йилда ўтказилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони 2018 йилга келиб, 9 955 та, 2022-йилда эса 12 277 етди.
Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Зеро, мазкур ҳужжатга асосан нейрохирургия бўлимлари замонавий техник ускуналар билан таъминланди.
2022-йилда ҳудудларда 223 нафар аҳолида ўтказилган тиббий кўрикларда 975 нафар бемор аниқланиб, уларнинг 114 нафарида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Бунда, бажарилган юқори технологияли амалиётлар улуши 48 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, 9 та янги жарроҳлик амалиётлари ўзлаштирилди. Жумладан, эпилепция, бош мия фалажи, инсультни олдини олиш ва ўткир даврида даволаш, болаларда ретинобластома каби онкологик касаллигини қон томир орқали химиотерапия ўтказиш, бош мия ўсмаларини беморларни уйғоқ ҳолатида ўтказиш ва бошқа турдаги жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, 100 нафардан ортиқ нейрохирург-шифокорлар хорижнинг турли мамлакатларидан Ўзбекистонда маҳорат дарслари ўтказиш ва конференцияларда қатнашиш учун келди. 108 нафар мутахассислар ўз иш жойларида, 20 нафар мутахассислар марказда, 15 нафар мутахассислар хорижда юқори технологик амалиётлар учун қайта тайёрланди.
Телетиббиёт орқали ҳудудларда ҳар йили 30 га яқин масофавий тиббий маслаҳатлар ташкил қилиниб, беморларга яшаш жойида даволаниш имконияти яратилиб келмоқда. 58 та ўрин вилоятларда болалар нейрохирургияси учун ажратилди. Тиббий буюмлар ва дори воситалари билан таъминлаш эса 99 фоизни ташкил етди.
Ушбу ўзгаришлар республиканинг барча ҳудудларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, нейрохирург врачларнинг ўз мактабини шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда нейрохирургик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш соҳасида мамлакатда илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш имконини берди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида илгари фақат республика марказида бажариладиган жарроҳлик ва даволаш амалиётларининг қарийб 40 фоизи ҳудудларда амалга ошириляпти. Нейрохирургия хизматининг кўлами ва ҳажми, тиббий хизмат сифати вилоятларда ортиб бораётгани эса эътиборга моликдир.
Умуман олганда, нейрохирургия соҳасини ривожлантиришга қаратилган ушбу чора-тадбирларининг барчаси мамлакатимизда мазкур йўналишда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини сезиларли даражада яхшиланишига олиб келди. Асосийси, беморлар хорижга чиқмасдан Ўзбекистоннинг ўзида тажрибали мутахассислардан малакали ёрдам олиш имкониятига эга бўлди.
Мавлудахон АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг