Аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда

15:23 22 Июнь 2021 Жамият
773 0

Ёшлар — эртамиз ворислари, келажагимиз эгалари

Шундай экан, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласак арзийди. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига мунтазам эътиборлари кун ортиб бормоқда.
Сир эмас, бекорчилик жуда кўп ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлиб қолмоқда. Биз ҳар куни иш фаолиятимизни айни шу масаладан бошлаймиз, десам, адашмайман.
Ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 2-секторга қарашли маҳаллаларда “STREAT WORK OUT” спорт майдончалари ташкил этилди. «Бирлик» маҳалласининг Ойбек кўчасида жойлашган «Тарихий ўлкашунослик музейи»да ёшларнинг оммавий саводхонлигини ошириш, бўш вақтларида китоб ўқишга жалб этиш мақсадида замонавий типдаги кутубхона барпо этилиб, 2 мингдан зиёд адабий-бадий китоблар билан таъминланди. Қолаверса, спортнинг футбол, бокс, стол тенниси ва бошқа турлари бўйича ёшлар ўртасида мусобақалар ташкил қилиш мунтазамлик касб этган.

 

              

 

«Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимини мукаммаллаштириш сари


Туманимизнинг 2-сектори ҳудудидаги жами 7 та МФЙ ўз географик жойлашуви, иқтисодий салоҳияти, саноат ишлаб чиқариши ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш даражаси ҳамда ҳудудда истиқомат қилаётган 24904 нафар аҳолининг турмуш-тарзига кўра, бир-биридан ажралиб туради.
Беш мингдан ошиқ оилалардаги ижтимоий-иқтисодий муҳитни барқарорлаштириш, уларнинг мавжуд муаммоларини изчил ўрганиш ва босқичма-босқич бартараф этиш 2-сектор аъзоларининг бирламчи вазифасига айлантирилган.
Шу боис, 2021 йил январь ойидан то шу кунгача секторга бириктирилган ҳудуддаги 4230 та хонадонлар уйма-уй юриш орқали ўрганилиб, уларнинг моддий-маънавий муҳити ҳақидаги маълумотларнинг тўлиқ электрон базаси яратилди.


«Маҳаллабай» ишлаш тизими самарадорлигини оширишга эришилди

Маҳаллаларда истиқомат қилаётган салкам олти минг нафарга яқин 30 ёшдан юқори бўлган аёллар, 2789 нафар 18 дан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар билан амалга оширилаётган ўзаро суҳбатлар, учрашувлар, маданий тадбирлар, касбга йўналтириш бўйича ўтказилаётган ўқув семинарлари, ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар, турли хил спорт мусобақалари «аёллар дафтари» билан ишлаш тизимини мукаммаллаштириш имконини бермоқда.
Беш минг нафардан зиёд аёллар билан ўтказилган юзма-юз суҳбатлар натижасида, 9 та йўналиш бўйича шакллантирилган рўйхатлардаги ижтимоий ёрдамга муҳтож 640 нафар аёлларнинг моддий таъминоти яхшиланди. Айнан шу мақсадда жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 249 нафар ишсиз хотин-қизлар ўз истаги бўйича ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди ёки ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашилди.
Хотин-қизларни ижтимоий меҳнатга фаол жалб этишда ҳар бир хонадонинг шахсий томорқа хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис, ҳудуддаги оилаларда бу муҳим мезонни кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилаётир. Бугунгача шахсий томорқасини ривожлантириш орқали даромад манбаига эришган ўнлаб фуқароларга субсидия ажратилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.


«Ҳосилдор» МФЙ Фарғона кўчасида яшовчи Гулзода Очилова, Парвоз кўчасида истиқомат қилувчи Гулжаҳон Астрақулова, Раҳима Йўлдошева, «Маданият» МФЙ Ҳаёт кўчасидан Мадина Усмонова, Анҳор кўчасидан Рашида Абсатторова, Мажнунтол кўчасидан Ойгул Абдурахимова, Нурфайз кўчасидан Чирой Алимова, Ҳуррият кўчасидан Раъно Альтиева сингари ишсиз фуқаролар айнан ажратилган субсидиялар орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишди.
Сектор ҳудудидаги маҳаллалар, кўчалар ва уй-жойларни ободонлаштириш, боғлар яратишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Чунки, обод маҳалла ҳар бир фуқаронинг фахр-ифтихоридир. Буни яхши тушунган кишилар ўз оиласида сабзавот ва мевалар тўкин бўлиши учун томорқадаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга, ўз ҳовлисида кўркам боғлар яратишга ҳаракат қилмоқда. Ана шундай ташаббускор аёлларнинг 200 нафарига жами 1800 та мевали ва манзарали дарахт кўчатлар етказиб берилди.

 

Аввало, боқимандалик кайфиятидан халос бўлиш лозим


Сир эмас, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда касб-ҳунарли, тадбиркорликка ўқуви бор аёлларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бирор бир касбда муайян кўникмага эга бўлганларни қайта ўқитиш, мустақил иш бошлашига кўмаклашиш ҳам бугунги долзарб муаммолардан бири. Секторимиз аъзолари ана шу йўналишдаги амалий жараёнларни фаоллаштирмоқда.
Масалан, «Навбаҳор», «Маданият», «Қўрғонча» маҳаллалари ҳудудида истиқомат қилувчи Манзура Хўжамова, Нафиса Сулаймонова, Гулсара Солиева, Норинисо Қодирова сингари ўнлаб аёлларимизга турли хил йўналишларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилиб, ўзлари истаган касбига қайта ўқитилди.
Бугунги кунда бундай серғайрат ташаббускор хотин-қизларимизнинг сафи кун сайин ортиб бормоқда. Бевосита 2-секторга мурожаат қилган 104 нафар аёлларга 1 млрд 236 млн сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 62 та хонадон аъзоларига эса деҳқончилик учун 50 сотихдан ижарага ер ажратиб берилди. 22 та хонадонда иссиқхона қурилиши учун жами 102,595,920 сўм миқдоридаги субсидия маблағи берилди.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин гап берилган кўмакларни санашда эмас, балки аҳоли турмуш фаровонлигини тезда юксалтириш йўл-йўриқларини қидириб топиш, кишиларни, йиллар давомида шаклланган боқимандалик кайфиятидан халос қилиб, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини таъминлашга эришишда.

 

Дастурлар ижросини таъминлаш — муҳим вазифа


Ҳозирги кунда жорий йилнинг июнь ойида «аёллар дафтари» бўйича амалга оширилиши лозим бўлган режа асосида иш юритилмоқда. Ўн бир нафар аёлларга саломатлигини тиклаш, 4 нафар аёлларга турар жой ижара компенсациясини тўлаб бериш, 80 нафар хотин-қиз ҳамда 400 нафар битирувчи ёшларга деҳқончилик қилиши учун 50 сотихдан ер ажратиш, 50 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз аёлларга бепул тикув машинкаси берилишини таъминлаш, 7 нафар аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш шулар жумласидандир.
Ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш юзасидан ўтказилган суҳбатлар давомида «ёшлар дафтари»га киритилиши лозим бўлган 421 нафар йигит-қизлар аниқланди. Айнан, 1+1 дастури доирасида «Ҳамзаобод», «Бирлик», «Қўрғонча» МФЙ ҳудудларида яшовчи 12 нафар ёшда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлиги маълум бўлди.
Уларнинг 5 нафари касбга қайта ўқитилиб, чорвачилик йўналишида фаолият юритишлари учун 33 млн. сўмдан имтиёзли кредитлар берилди. Шунингдек, 220 нафар ёшга 30 сотихдан ер ажратилиши таъминланди.

 

Сув келтирган элда азиз


«Обод маҳалла» дастури ижроси доирасида вилоят прокуратураси раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамлар самараси юқори бўлаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.
Масалан, «Ҳосилдор» «Навбаҳор», «Маданият» каби маҳаллалардаги жами 10 км.дан ошиқ масофадаги ички кўчалар равонлаштирилиб, тош-шағал тўшалди. Туманимизнинг айрим ҳудудларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳам ҳал этилиши лозим бўлган муаммолардан бири саналади.
«Сув келтирган элда азиз», дейди халқимиз. Шунга кўра, бу масаладаги таклифимизни вилоят прокуратураси раҳбарияти тезкорлик билан ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатишди. Вилоят прокурорининг назорати остида, айнан 2-сектор ҳудудидаги 277 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Қибрайдаги «Ўзбекгеофизика» АЖдан бурғилаш техникалари жалб этилиб, 40 — 60 метр чуқурликдаги қудуқлар ковланди.
Аҳоли зич яшаётган ҳудудларда ҳар 3-4 ҳовлига биттадан қудуқ ковланиши натижасида маҳаллалардаги юзлаб хонадонлар, ҳаттоки, қўни-қўшниларнинг ҳам зилол сувга эҳтиёжи таъминланди.
Мақсадимиз одамларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиб, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Бу йўлда асло чарчамаймиз.
 


Дилшод ФАЙЗИЕВ,
Оққўрғон тумани прокурори.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер