Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси парламент назорати доирасида Қашқадарё вилоятининг «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман» мақоми берилган Қамаши ва Яккабоғ туманларида аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун зарур инфратузилмани яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганди.
Ўрганиш натижалари Қўмита ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлисида атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман» мақоми берилган ҳудудларни янги босқичга олиб чиқиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Ўрганиш натижаларига кўра 2025 йилда вилоятда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар ўсиши кузатилган, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида муайян натижаларга эришилган.
Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурининг ижроси доирасида 578 минг кишининг бандлиги таъминланган, 29,6 минг ишсиз аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. Йил бошидан ишсизлик даражаси 5,9 фоиздан 4,9 фоизгача, камбағаллик даражаси эса 9,6 фоиздан 6,5 фоизгача камайган. 60 та маҳалла камбағаллик, ва ишсизликдан холи ҳудудга айланган. 53,7 минг оила камбағал оилалар реестридан чиқарилган.
«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш», «Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш», «Маҳалла лойиҳаси», «Бизнесга биринчи қадам» дастурлари доирасида 73,2 минг аҳоли 2,9 трлн сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига даромадли меҳнат билан банд қилинган.
Вилоятдаги жами 46 та маҳаллага, шу жумладан, 14 та туманнинг ҳар биридан 2 тадан маҳалла ҳамда қўшимча равишда туман(шаҳар)лар ҳокимлари таклифига кўра 16 та ва вилоят ҳокими ташаббуси билан 2 та маҳаллага «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақоми берилган.
Ушбу ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида тасдиқланган «Тараққиёт ва етакчилик маскани» дастурига мувофиқ йўл инфратузилмасини яхшилашга 46 млрд сўм, электр таъминотини яхшилашга 20,2 млрд сўм, ичимлик ва оқова сув таъминоти ишларига 5,1 млрд сўм, суғориш тизимини яхшилашга 17,7 млрд сўм, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга 33,6 млрд сўм ҳамда 22 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун 16,5 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида вилоятда 421 та тадбиркорлик субъекти ва 790 та янги иш ўрни ташкил этилиши, 11 та лот «е-аукцион» ва 1 044 та лот «к-савдо» платформалари орқали аукционга чиқарилиши ҳамда бюджетга қўшимча 8 млрд сўм тушум таъминланиши мақсад қилинган.
Муҳокама жараёнида йўл қўйилган камчилик ва муаммоларга ҳамда ишга солинмаган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, айрим лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилмаётгани, маҳалла маркази учун мастер-режаларни ишлаб чиқиш ишлари ортда қолаётгани ҳамда инфратузилма билан боғлиқ долзарб масалалар тўлиқ ҳал этилмагани кўрсатиб ўтилди.
Сенаторлар белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан ўз тавсияларини билдирди.
Мажлис якунида тегишли қўшма қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг