Агрометеорологик кузатув нима учун керак?
Фото: "Халқ сўзи"
Ёғингарчилик, ҳаво ҳарорати ва қуёш нури каби иқлим омиллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари эса кунлик қабул қилиш ёки узоқ муддатли режалаштиришни амалга оширишлари учун аниқ ва ишончли об-ҳаво маълумотларига муҳтож. Шу маънода, бугунги кунда мавсумий об-ҳаво башоратлари, масалан, экинларни жойлаштириш ва уларни экиш муддатлари, шунингдек, қурғоқчилик юзага келганда чорва молларини сотиш зарурати ҳақида қарор қабул қилиш тобора муҳим бўлиб бормоқда.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини агрометеорологик ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича фаол чора-тадбирларни амалга оширди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ФАО Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказига 12 та замонавий агрометеорология станциясини етказиб берди. Ушбу жиҳозлар Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари қишлоқ хўжалиги ҳудудларида жойлашган 12 та метеорология станциясига ўрнатилди. Жиҳозларни топшириш юқорида қайд этилган қарор билан тасдиқланган “2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида гидрометеорологиядан фойдаланиш бўйича устувор лойиҳаларни амалга ошириш “йўл харитаси”да назарда тутилган эди.
Агрометеорология станциялари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида амалга оширилаётган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси (CACILM-2) доирасида харид қилинди.
— Автоматик агрометеостанциялар қишлоқ хўжалиги ходимларига метеорологик маълумотларни ўз вақтида ва самарали олишда қўл келади, — дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. — Бу эса фермерларга экин экиш, пеститцидлардан фойдаланиш ва бошқа кўплаб масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш орқали ҳосилдорлик билан боғлиқ хавфларни камайтириш имконини беради.
“Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг миллий ҳамкорлари – Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг