Афғонистоннинг инглиз тилидаги етакчи газетасида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларига бағишланган мақола чоп этилди

10:58 04 Сентябр 2023 Дунё
414 0

Афғонистонда инглиз тилида нашр этиладиган нуфузли босма нашрлардан  бири -  “The Kabul Times” газетасида “Афғонистон – Ўзбекистон муносабатлари ривожланиб бормоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди.

“Афғонистон ва Ўзбекистон бир-бири билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор, — деб ёзади  муаллиф Муҳаммад Довуд.  — Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ва Ўзбекистон элчиси ўртасида  яқинда бўлиб ўтган учрашувда ҳам  ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш хусусида фикр алмашилди. Афғон томони амалдаги ҳукумат қўшни давлатларга нисбатан ўз позияциясини аниқ ва расмий ҳолда баён қилганини яна  бир карра  таъкидлади. Яъни, Афғонистон барча мамлакатлар, хусусан қўшни давлатлар билан биродарлик муносабатларни янада  мустаҳкамлаш  ниятида”.

Нашрда, Афғонистон ҳеч ким ва ҳеч бир гуруҳ мамлакат ҳудудидан бошқа давлатга қарши фойдалана олмайди дея дунё ва минтақа давлатларини доимо ишонтириб келаётгани қайд этилган.   Шунингдек,  Афғонистон бошқа давлатлар билан муносабатларни ўрнатиш бўйича ўзининг ташқи сиёсатида бетарафлик ва иқтисодий ҳамкорликка йўналтирилган тамойилга асосланади.

Мақолада Ўзбекистон Афғонистон шимолидаги Марказий Осиё давлатларидан бири сифатида ўзининг иқтисодий имкониятлари, аҳоли сонининг кўплиги, саводхонлик даражасининг юқорилиги ҳамда геосиёсий ва стратегик жиҳатдан минтақадаги энг кучли давлат ҳисобланиши таъкидланган.  “Бугунги кунда Афғонистон ва Ўзбекистон ўзаро сиёсий муносабатларни янада кенгайтириб келмоқда. Бу борада ташрифлар алмашувининг ошиб бораётгани, жумладан, Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазирининг Кобулга, Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчисининг Ўзбекистонга ташрифлар муҳим воқеа бўлди”, — деб ёзади муаллиф.

Афғонистон  газетасида  босилган  мақолада, шунингдек, иқтисодий соҳада икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага чиққани  маълум қилинган. Томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг сўнгги бир йил ва охирги бир неча ой давомидаги ҳолатининг таҳлили Ўзбекистон томонининг Афғонистон билан алоқаларни янада ривожлантиришга интилаётганидан далолат беради. Яъни, икки томон ўртасида иқтисодий алоқалар кенгайиб бормоқда ва чегара зонасида муштарак бозор яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

“Ўтган ҳафтада Исломободда уч давлатнинг юқори даражали темир йўл соҳаси расмийлари иштирокида Покистон, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида темир йўл линияси қуриш бўйича уч томонлама шартнома имзоланди, — таъкидланади нашрда. -Трансафғон транзит йўлаги бўйича қўшма Протокол ҳам имзоланди. Ушбу бу темир йўл линияси Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан бошланиб, Афғонистоннинг Балх, Логар ва Пактия вилоятлари орқали ўтади ҳамда Покистоннинг Харлачи чегарасидан Куррам аҳоли пунктига кириб боради”.

Мақолада Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ўсиши томонлар ўртасида тарихан мавжуд яхши қўшничилик муносабатлари асосида қурилди, бу ҳолат энг аввало Афғонистоннинг иқтисодий заруратига йўналтирилгани алоҳида урғуланган.

 “Ўзбекистон билан савдо айланмаси ва  Афғонистондаги инфратузилма лойиҳаларига инвестициялар ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Шунингдек, икки томондан транзит юк ташишни ривожлантиришга катта  эътибор қаратилмоқда. Яқин келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдириляпти”, — деб ёзади  “The Kabul Times”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер