Афғонистонда сапёрлар ўлдириб кетилди

12:30 22 Май 2018 Дунё
1991 0
Фото: Gas-Torg.com

Кеча Афғонистон жанубидаги Қандаҳор музофотида қуролланган номаълум шахслар томонидан беш нафар сапёр ўлдириб кетилган ва бир нафари гаровга олинган.

Бу ҳақда маҳаллий полиция раҳбари генерал Абдул Розиқ маълумотига асосланиб Tolo ахборот манбаси хабар берди.
Абдул Розиқнинг сўзларига кўра, сапёрлар “Aims De-mining” компанияси томонидан “Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон”(ТАПҲ) газ қувури ўтадиган ҳудудни миналардан тозалаш учун ёлланган бўлган.

Фожиа мутахассислар Майванд туманидаги Маланг Кариз қишлоғи ҳудудида қўлбола миналарни зарарсизлантираётган пайтда рўй берган. Розиқнинг айтишича, ҳужум “Толибон” ҳаракати жангарилари томонидан амалга оширилган. Бироқ “толибон”лар бу маълумотга муносабат билдирмаган ва ҳодиса жавобгарлигини зиммасига олмаган.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳаракати илгари ТАПҲ лойиҳасини қўллаб-қувватлаши ва уни ҳимоя қилишини билдирган эди.  Мазкур газ қувурининг Афғонистон ҳудудидан ўтадиган қисмининг қурилиши шу йил февраль ойидан бошлангани эълон қилинганди. 

ТАПҲ йўналишининг афғон диёридан ўтадиган ҳудудидаги бундай ташвишланарли ҳолатлар умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа учун инвесторлар топиш ишини қийинлаштирмоқда. Унинг қурилишига кетадиган ҳаражатларнинг 85 фоизини эса Туркманистон ўз зиммасига олган. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер