Адлия вазирлигида Финляндиянинг Хелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази директори Туйя Бракс ташриф билан бўлди
Жорий йилнинг 22 февраль куни Адлия вазирлигида адлия вазири Акбар Ташкулов ҳамда Финляндиянинг Хелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази директори Туйя Бракс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Финляндия ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётганлиги, хусусан, икки давлат ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини таъкидлади.
Акбар Тошқулов хорижий меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар тўғрисида, хусусан, Адлия вазирлигининг амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва бошқа соҳалардаги фаолияти тўғрисида маълумот берди.
Томонлар вазирлик, Ҳелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган «Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» лойиҳаси доирасидаги қўшма тадбирлар ҳақида фикр алмашдилар.
Туйя Бракс ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини ривожлантириш, илғор хорижий тажрибага асосланган бепул юридик ёрдам тизимини жорий этишга ҳамда адлия вазирлигининг қонун устуворлигини таъминлашдаги салоҳиятини юксалтиришда ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг