Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда

17:30 28 Декабрь 2022 Жамият
872 0

Бугун, 28 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бир қатор давлат бошқарув органлари масъуллари иштирокида "Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилиши ва мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилиши юзасидан сўз борди.

Адлия вазирлиги масъул ходими Вазирлар Маҳкамаси тизимида ташкил этиладиган вазирликлар рўйхати ҳамда давлат бошқаруви органлари вазифа ва функциялари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилганлиги, қайта ташкил этилаётган республика давлат бошқаруви органлари, ташкилий бўйсунуви ўзгарган 24 та давлат бошқаруви органлари тўғрисида маълумот берди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусида ҳам сўз борди.

Хусусан, эндиликда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари масъулиятини ошириш мақсадида республика ва маҳаллий даражадаги бўғинларнинг функционал чегаралари белгиланмоқда.

Шунингдек, эндиликда республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари вазифасини бажариши тақиқланади.

Уюшма ва бошқа хўжалик бирлашмаларига давлат ҳокимияти ваколатларини бериш ва уларнинг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан лавозимга тайинлаш амалиёти бекор қилинади.

Барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 минг функциялари хатловдан ўтказилиб, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар аниқланганлигини инобатга олган ҳолда республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестри шакллантирилиб, доимий юритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, синов тариқасида, Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

Анжуман сўнгида журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер