Адлия вазирлиги: regulation.gov.uz порталига давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар автоматик равишда ўчирилади
Давлат органлари лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) мустақил равишда ўзлари жойлаштиришади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 8-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.
Шунга асосан, давлат тилида матни бўлмаган бошқа тилда киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари regulation.gov.uz портал маъмурияти томонидан автоматик равишда ўчирилиши ҳақида огоҳлантирилган. Ушбу огоҳлантириш жорий йилнинг 20 апрелдан жойлаштирилди.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги экспертиза якунлари бўйича хулосада лойиҳа ўзбек тилида тақдим этилсин деб ёзади. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламентининг 49-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари Администрацияга давлат тилида, зарурат бўлганда – бошқа тиллардаги таржимаси билан бирга киритилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ҳукуматнинг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг 40-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари лойиҳалари Ҳукуматга давлат тилида, зарурат бўлганда – рус тили ва бошқа тилларга таржима қилиниб киритилиши лозим.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг