Адлия вазирига норма ижодкорлиги фаолияти бўйича парламент сўрови юборилади

15:45 14 Ноябрь 2023 Сиёсат
191 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида адлия вазири А.Тошқуловга «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз ривожланишининг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

«Ақлли тартибга солиш» модели, «пакет» принципи жорий этилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши, гендер-ҳуқуқий, илмий ва лингвистик экспертизадан ўтказиш йўлга қўйилди. 2023 йил 8 августда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Шунингдек, ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилиш ҳамда амалда ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2019 йил 1 январдан 2023 йил 1-центабрга қадар жами 1 634 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилган. Натижада яхлит идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони 1 500 тадан 1 128 тага ёки 25 фоизга қисқартирилган.

Шу билан бирга «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида вазирлик ва идоралар, агар уларга қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича ваколатлар берилган бўлсагина, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиши мумкинлиги тўғрисидаги талаб мустаҳкамлаб қўйилди.

Норма ижодкорлиги соҳасида амалга оширилган ишлар билан бир каторда ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Жумладан, қонун лойиҳаларини вазирликлар ва идораларнинг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳанузгача сифатсиз амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан 2022 йилда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган 2 121 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 1025 таси, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган 822 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 386 таси, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва юридик техника қоидаларига зид эканлиги, коррупциявий омиллар мавжудлиги боис норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга ёки лойиҳани тайёрлашни амалга оширувчи ташкилотга қайтарилган.

2022 йилда вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 344 та лойиҳаларда 534 та, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса лойиҳаларнинг 150 тасида 228 та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланган.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими жорий этилиб, бунда тартибга солиш таъсири баҳолашдан ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тоифалари белгилаб қўйилди. Лекин масъул вазирлик ва идоралар томонидан 2022 йил ва 2023 йил биринчи ярим йиллигида 243 та шундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилмаган.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги фаолияти бўйича қилинган таҳлиллар бу борада эътибор кучайтирилиши лозим бўлган айрим жиҳатлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, адлия вазири А.Тошқуловга «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер