Адлия вазири Санкт-Петербург шаҳрида Адлия вазирларининг очиқ учрашувида иштирок этди
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Тошқулов бошчилигидаги вазирлик делегацияси XI Петербург халқаро юридик форумида (Санкт-Петербург ш.) иштирок этмоқда.
Маълумот учун: Петербург халқаро юридик форуми – 2011 йилда таъсис этилган бўлиб ҳар йили Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ташаббуси асосида ўтказиб келинади.
Форумнинг мақсади – халқаро юридик ҳамжамиятни бирлаштириш, умумжаҳон ҳуқуқ муаммоларини ечиш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш ҳамда юридик оламнинг янги трендларини шакллантириш.
Форум доирасида 12 май куни ташкил этилган «Адлия вазирларининг очиқ учрашуви»да адлия вазири А.Тошқулов нутқ билан иштирок этди. Учрашувида 20 га яқин хорижий давлатларнинг адлия ва ҳуқуқ вазирлари иштирок этиб, иштирокчи мамлакатларнинг адлия ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шу ўринда, учрашув чоғида адлия вазири А.Тошқулов жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми тўғрисида тўхталиб, ушбу муҳим сиёсий воқеа мамлакатимизда амалга оширилиб келаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлаб, янги Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашини назарда тутувчи ҳуқуқий давлатнинг барча белгилари ўз ифодасини топганини айтиб ўтди.
Шунингдек, делегация аъзолари Форумнинг асосий тадбири ҳисобланмиш «Ҳуқуқ суверенитети» мавзусидаги пленар сессия ва бошқа ҳуқуқий мавзуларга оид мулоқот сессияларида фаол иштирок этди.
Адлия вазирлиги делегациясининг Форумдаги иштироки давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг