Адлия вазири ўринбосари Юнусобод туман адлия бўлими фаолиятидаги муаммоларни ўрганди

17:28 03 Октябр 2023 Жамият
428 0

Адлия вазирлиги томонидан тизимдаги энг қуйи бўғин ҳисобланган туман (шаҳар) адлия бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида доимий равишда тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов томонидан соҳада кузатилаётган мавжуд муаммолар Юнусобод туман адлия бўлими фаолияти мисолида атрофлича таҳлил қилинди.

А.Каримов томонидан адлия органларининг асосий вазифаси қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш эканлиги таъкидланиб, бунда бюрократия ва ортиқча ҳужжатбозликни кескин камайтириш орқали одамларни оғирини енгил қилишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Шунингдек бўлим фаолиятини ўрганиш давомида, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда маҳаллалардаги фаоллар имкониятидан фойдаланилмаётганлиги танқид остига олиниб, маҳалладаги еттилик билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш борасида бошқа давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида кўрсатма берилди.

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш ва бўлимга келиб тушган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида “тайм-менежмент” асосида ишни тўғри ташкил қилиш иш самарадорлигини ошириши қайд этилди.

Қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашда Юридик хизмат кўрсатиш марказининг роли катта эканлиги, ҳужжат лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, хулоса беришда қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиш ва бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга аҳолининг ҳуқуқий муаммолари билан жойига чиққан ҳолда ишлаш, жумладан, фуқароларни қийнаб келаётган масалаларни уйма-уй юриб ҳал қилишга кўмаклашиш ҳамда сайёр қабулларни самарали ташкил қилиш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер