Адлия вазири Акбар Тошқулов Қирғизистон Республикаси адлия вазири билан учрашди
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Tashkent Law Spring» III халқаро юридик форуми доирасида жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов билан Қирғизистон Республикаси адлия вазири Аяз Баетов ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилди.
Учрашувдан мақсад – мавжуд муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш орқали икки давлат адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш.
Учрашув давомида икки давлат адлия вазирликларининг кўп йиллик ҳамкорлигига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, Қирғизистон томонига мамлакатимизда адлия ва ҳуқуқ, давлат бошқарувининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳамда ушбу ислоҳотларнинг амалга оширилишида адлия органларининг роли ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Томонлар мавжуд идоралараро муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорликда ўзаро тадбирларни давом эттиришга, тажриба алмашишга қаратилган қатор амалий ишларни ўтказишга келишиб олдилар.
Учрашув якунида томонлар икки давлат адлия вазирликлари ўртасида турли турдош соҳаларда тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик дастурини имзолашга келишиб олдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг