Адлия идораларида нима гап?
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш, декларатив хусусиятга эга вазифаларни бекор қилиш, функцияларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаш ва такрорланишларнинг олдини олиш, шу жумладан, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ҳамда масъулиятини янада кучайтириш мақсадида шу йилнинг 17 март куни давлатимиз раҳбари томонидан «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ихчамлаштирилган тизим фаолиятини халққа янада кенгроқ етказиш мақсадида Адлия вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Наманган вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир қатнашчилари дастлаб Наманган шаҳар адлия бўлими фаолияти билан яқиндан таништирилди. Уларда, айниқса, Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази фаолияти ёрқин таассурот қолдирди.
Маълум бўлишича, ушбу ДХМда кунига 400-500 нафар фуқарога хизмат кўрсатилади. Марказда ташкил этилган эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш, ID-карта ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш хизматларидан аҳоли кўпроқ фойдаланмоқда. Адлия бўлими, Давлат хизматлари маркази, юридик хизмат кўрсатиш маркази ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими бир бинода, бир-бирига яқин манзилда жойлашгани ташриф буюрувчиларга маъқул тушаётир.
Адлия соҳасига доир ҳар қандай мурожаат бир жойнинг ўзида қонуний кўриб чиқилиши аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари вақти ва нақди тежалишига хизмат қилиши пресс-тур иштирокчилари диққат марказида бўлди. Бундай ёндашув, яъни ихчам бошқарув тизими ҳуқуқий муаммоларнинг тезкорлик билан ҳал этилишида муҳим омил бўлмоқда.
Кейинги манзил Янги Наманган тумани «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу жойда Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда туман адлия бўлими билан ҳамкорликда «маҳаллабай» ўрганишлар олиб борилган. Айни жараёнда 400 нафарга яқин фуқаронинг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, ҳозирга қадар уларнинг 25 нафарига муддати ўтган туғилганлик гувоҳномалари ёзиб берилди.
Пресс-тур Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани билан якунланди. Унда бошқарма ва туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари бўйича қилинган амалий ишлар хусусида маълумотлар берилди. Шунингдек, ДХМ, юридик хизмат кўрсатиш маркази ҳамда ФҲДЁ соҳасидаги янгиликлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг