Адлия бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Иштихон туман адлия бўлими ва юридик хизмат кўрсатиш марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Давлат хусусий шерикчилик асосида 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига қурилган мазкур бино мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида Иштихон туманининг 260 мингдан зиёд аҳолиси учун чинакам байрам совғаси бўлди.
Тантанали тадбирда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси раҳбарлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда таъкидлаганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон ва унинг қадр-қиммати учун хизмат қилмоқда.
Икки қаватли янги бинода барча қулайликлар мавжуд. Хусусан, кутиш хоналари, тадбирлар зали ва мурожаатчиларни қабул қилиш хонаси ҳамда бошқа қулайликлар шулар жумласидандир. Бино қайта тикланувчи энергия тизимига уланган бўлиб, ўрнатилган қуёш панеллари узлуксиз электр энергия билан таъминлаш имконини беради.
— Иштихон тумани халқи учун бугун ҳақиқий байрам, — дейди меҳнат фахрийси Баҳодир Хидиров. — Йилдан йилга туманимизда замонавий таълим масканлари, кўзни қувонтирувчи кўркам бинолар қурилмоқда. Йўллар таъмирланиб, аҳолига барча зарур қулайликлар яратиб бериляпти. Адлия бўлимининг янги биноси ҳам ана шулар қаторида иштихонликлар учун яна бир қулайлик бўлди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг