Адлия бўлими фельдшернинг ҳуқуқини судда ҳимоя қилди
Illyustrativ foto
Боёвут туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи фельдшери У.Муродбоев 2020 йилнинг 7 августидан коронавирус инфекциясига қарши курашиш мақсадида ташкил этилган «Мобил тез-тиббий ёрдам бригадаси»сига 24 соатлик навбатчилик учун ўтказилди.
Бироқ, бирлашма ҳисобрақамида маблағ йўқлиги важи билан тўланиши лозим бўлган рағбатлантириш тўловлари тўланмади.
Ходим иш ҳақини ундиришда амалий ёрдам сўраб Боёвут туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Аниқланишича, Умиджон Муродбоев тиббиёт бирлашмаси бош шифокори буйруғи билан «Боёвут туман тиббиёт бирлашмасида кечаю кундуз навбатчилик асосида фаолият кўрсатиш учун мобил тез-тиббий ёрдам бригадасига» CОВИД-19 инфекциясини олдини олишга жалб қилинган, аммо август — ноябрь ойлари учун 5 454 000 (беш миллион тўрт юз эллик тўрт минг) сўм миқдорда қўшимча тўловлар тўланмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги 583-сон қарори билан тасдиқланган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари ва бошқа ходимларга 6 фоизлик кунлик қўшимча тўлови ўрнига ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари амалга ошириладиган лавозимлар» рўйхатда «Тез тиббий ёрдам бригадаларига «ўрта тиббиёт ходими»га ҳар ойда 1,5 млн. сўм тўланиши лозимлиги белгиланган.
Бундан ташқари, «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидимиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низомнинг 1-боби 3-бандида кунлик қўшимча тўлов, махсус тўлов ва бир йўла бериладиган тўловлар барча тиббиёт, санитария-эпидимиология хизмати ва бошқа ташкилотлар ходимларига нисбатан татбиқ этилиши кўрсатилган.
Шунингдек, меҳнат кодексининг 154-моддасига мувофиқ иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Юқоридагиларга кўра, Боёвут туман адлия бўлими томонидан фуқаро Умиджон Муродбоев манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Адлия аралашуви билан фуқаро мурожаати ижобий ечим топди, суднинг ҳал қилув қарори билан Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан Муродбоев Умиджон Исоқбой ўғли фойдасига жами 5 454000 сўм миқдорда иш ҳақига тенглаштирилган пул маблағини ундириш белгиланди.
Отабек Холматов, Боёвут туман адлия бўлими бошлиғи.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг