Абитуриент орзиқиб кутаётган кун
13557 нафар талаба таҳсил олаётган Наманган давлат университети республикамизда ўз нуфузига эга олий таълим даргоҳларидан бири. Кейинги йилларда уни энг замонавий ахборот-технологиялари, инновацион ғоялар, замонавий ўқув бинолари билан таъминланиши таълим сифатининг ошишида муҳим омил бўлмоқда. А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети қўшма таълим маркази ҳамда Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма тиббиёт факультетлари ташкил этилиши, айниқса, ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ўқув методларини ҳаётга татбиқ этишда қатор имкониятларни яратди. Таълим муассасасида навбатдаги қабул жараёнлари ҳам қизғин давом этмоқда. 2020-2021 ўқув йилида билимли, иқтидорли ёшларни кенг қамраб олиш мақсадида бир қатор янги йўналишлар ташкил этилди. Юриспруденция, биотехнология, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик ва полизчилик, картошкачилик ҳамда иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, сиртқи таълимда филология ва тилларни ўқитиш, рус-тили, математика, география каби йўналишларнинг очилиши ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса математикани ривожлантириш, бу соҳада бакалавриат ҳамда магистрантлар сонини оширишга эътибор қаратилгани диққатга сазовор.

Айтиш керакки, бундан бир неча йиллар аввал Наманган давлат университетида қабул кўрсаткичлари унча катта бўлмаган. Кейинги икки йилда эса олийгоҳ моддий-техник базаси мустаҳкамланиши, янги йўналишлар ташкил этилиши натижасида 2019-2020 ўқув йилида қабул квотаси 3308 та, жорий йилда эса 4069 тага етказилди.
Маълумки, мамлакатимиз олий таълим тизимидаги бу йилги қабул жараёнлари аввалги йиллардан тубдан фарқланади.Бу, асосан, дунё бўйлаб тарқалган пандемия сабаб юзага келган вазият билан боғлиқ. Олий таълим Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган аниқ режалар асосида онлайн тартибда ҳужжатларни қабул этиш тизими йўлга қўйилгани, айниқса, барчага маъқул иш бўлди. НамДУда ҳам call center маркази, маслаҳатхона фаолияти йўлга қўйилиб, 12 нафар малакали мутахассислар бириктирилган. Абитуриент ҳамда ота-оналарнинг қабул билан боғлиқ саволларига махсус телефон орқали батафсил жавоб қайтарилмоқда.
Абитуриентлар юқоридаги имкониятлардан унумли фойдаланиб жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлга қадар abitur.dtm.uz сайти орқали ўз ҳужжатларини топширдилар. 51409 нафар йигит-қиз 1-олий таълим муассасаси сифатида бакалавриат йўналишини танлаб, рўйхатдан ўтди. Таълим муассасасини умумий 5 та ОТМ бўйича танлаган абитуриентлар сони эса 195913 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 1 июлдан, 30 июлга қадар magistr.edu.uz сайти орқали магистратурага, trancfer.edu.uz орқали талабани кўчириш ва қайта тиклаш бўйича ҳужжатлар қабул қилинди. Айни пайтда ikkinchitalim.edu.uz сайти орқали 15 августдан, 30 августга қадар қабул жараёнлари давом этмоқда.
Университет қабул комиссияси томонидан тест синовларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли йиғилиш баёнлари асосида ташкил этилади.
Қайд этилган абитуриентларнинг 6238 нафари алоҳида иқтидор талаб қилинадиган таълим йўналишларига ҳужжат топширган. Улар жисмоний маданият, спорт фаолияти, мусиқа таълими, вокал санъати, чолғу ижрочилиги кабиларни қамраб олади. Ижодий имтиҳонлар шаффофлигини таъминлаш, пандемия талабларига қатъий риоя этиш қабул комиссиясининг устувор вазифасига айланган. Касбий имтиҳонлар учун махсус, пандемия талабларига тўлиқ жавоб берадиган жойлар ташкил этилди. Жисмоний маданият таълим йўналиши бўйича имтиҳонлар Наманган вилоят ИИБнинг «Динамо» ўйингоҳида ўн икки кун давомида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Спорт фаолияти таълим йўналиши эса «Паҳлавон» спорт мажмуасида беш кун давомида бўлиб ўтади. Спорт фаолиятининг хотин-қизлар спорти таълим йўналишида ижодий имтиҳонлар ўн кун, мусиқа таълими, вокал санъати, чолғу ижрочилиги, таълим йўналишлари учун тўққиз кун Наманган давлат университети педагогика факультети ўқув биноси 1-,2- қаватларида ўтказилишининг аниқ режалари ишлаб чиқилди.
— Асосий тест синовларини бугунги мураккаб даврни ҳисобга олган ҳолда Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, вилоят ИИБнинг «Динамо», шунингдек, «Навбаҳор» стадиони, Тўрақўрғон туманидаги «Ёшлик» ўйингоҳларида барча карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўтказиш режалаштирилган, — дейди университет ректори Собитхон Турғунов. — Айни пайтда тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Жойларда тест ўтказишга олиб бориладиган йўлаклар ташкил этилди. Бош штабда тест материаллари қопларини қабул қилиш, уларни очиш жойларида видео ва кузатув камералари ўрнатилади. Ҳар бир абитуриент антисептик воситалар, кепкалар билан таъминланади.
Ҳа, абитуриентлар орзиқиб кутаётган кунлар яқинлашмоқда. Бутун эътибор тест синовларининг адолатли, шаффоф ўтказишга қаратилганлиги билимдон ва зукко ёшларни саралаб олишга хизмат қилади, албатта.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг