Абгор аҳволда қолган ва унутилган «Наргиз»

12:43 07 Декабрь 2022 Жамият
751 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Қувасой шаҳри юртимизда бетакрор табиати, мевазор боғлари, тарихий-маданий масканлари билан танилган. Бу эса шаҳарда ички туризмни ривожлантиришда жуда муҳим омил ҳисобланади.

Аммо туризм имкониятлари ва бу борада яратилган шароитлар хусусида гап кетганда, бугун Қувасойдаги баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Бир пайтлар гуллаб-яшнаган ва Фарғона водийсида машҳур бўлган «Наргиз» дам олиш масканининг бугунги абгор ҳамда ночор аҳволи фикримизнинг яққол далилидир.

Шаҳарнинг фусункор табиати билан танилган Арсиф қишлоғида бунёд этилган ушбу мажмуа кейинги ўн йиллар давомида эътибордан четда қолмоқда.

Мажмуа ташкил этилишида Маматқул Раҳматов, Акбарали Раҳмоналиев, Турсунбой Дадажонов каби қувасойлик меҳнат фахрийлари қаторида атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи ҳам ўзгача ғурур билан тилга олинади. Арсифлик нуронийларнинг эслашича, бу ерда Шароф Рашидов эккан ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, боққа айланган. Бугунги кунда олмазорнинг бир қисми сақланиб қолган бўлиб, арсифликлар уни «Шароф Рашидов боғи» дея эъзозлайдилар.

— Ўз вақтида бу ерда 35-40 нафар одам ишлаган, - дейди арсифлик Воҳиджон Содиқов. — Бир пайтлар атрофи мевазор боғ, анвойи гулзорлар, ҳамиша майин эсиб турувчи шаббода, қир-адирлар ўртасидаги роҳатбахш маскан ташриф буюрувчи ҳар қандай меҳмонга ёқарди. Бу ерда юртимизнинг жуда кўп азиз инсонлари қадами изи қолган.

2020 йили Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан масканда мукаммал таъмирлаш ишларига киришилди. Аммо яхши ниятда бошланган саъй-ҳаракатлар ниҳоясига етказилмади. Ўшандан буён «Наргиз» яна унутилган ўгай ҳудуддек қаровсиз ётибди...

Ўтган йиллар мобайнида мажмуа бир неча бор қўлдан-қўлга ўтиб, тадбиркорлар ўртасида сарсон бўлиб келди. Ҳозирги кунда фарғоналик тадбиркор Шуҳрат Азизов «Наргиз»нинг эски шуҳратини қайта тиклаш, мажмуа негизида замонавий туристик марказ барпо этиш ҳаракатида юрибди.

— Бизнес-режамни тақдим этиб, кредит олиш масаласида Фарғона вилоятидаги бир неча тижорат банкларига мурожаат қилдим, - дейди тадбиркор Ш. Азизов. — Лекин ҳозирча ижобий жавоб олганим йўқ. Шу кунларда ҳам асосий вақтим кредит олиш мақсадида банкларда ўтмоқда.

Тадбиркор икки босқичли бизнес-режа ишлаб чиққан бўлиб, дастлаб байрам тадбирлари, тўй-тантаналар ўтказиш биноси, ресторан, кутубхона, теннис корти, чўмилиш ҳавзаси барпо этиш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда ландшафт архитектураси асосида манзарали ва мевали дарахтлар экилади. Ҳудуднинг суғориш тизимлари, доимий сув таъминоти масаласи яхшиланади.

Шу тариқа бу ерда бир неча турдаги хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқларига эга туризм мажмуаси ташкил этиш режалаштирилган.

—Тадбиркорлик ва туризм соҳасида етарли тажрибага эгаман, - дейди Шуҳрат Азизов. — Аммо бу борада калаванинг учини топиш осон бўлмаяпти. Ахир менинг мақсадим эзгу.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳам бу жой тезроқ обод бўлишини исташади. Аммо ҳозирча орзу орзулигича қолмоқда.

— Кредит масаласи ҳал бўлса, ишлар юришиб кетади, - дейди Қувасой шаҳар ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Салимжон Нишонқулов. — Тижорат банклари масъуллари мазкур лойиҳа истиқболига жиддийроқ эътибор қаратишса, яхши бўлар эди. Боиси тадбиркорнинг бизнес-режаси жуда ҳам пишиқ-пухта ишлаб чиқилган. Қолаверса, қулай шароит яратиш орқали бу ерда туризмдан яхши даромад олиш мумкин.

Арсиф – Фарғона водийси чорраҳасида жойлашган сўлим қишлоқ. Айниқса, баҳор фаслида қишлоқнинг фусункор табиати зебо келинчакдек ороланади. Арсифнинг шарбатга тўлган боғларида пишадиган беҳи, олма, гилос, ўрик, шафтоли сингари мевалари мазаси болдек ширин. Бир сўз билан айтганда, экотуризм, агротуризмни ривожлантириш айни муддао.

—«Наргиз»нинг бугунги ачинарли аҳволини кўрганда, кўзимга ёш келади, - дейди меҳнат фахрийси Адҳамжон Умаров. — Чунки ҳаётимизнинг энг унутилмас дамлари шу жой билан боғлиқ. Курсдош қизни ушбу масканга илк учрашувга таклиф қилганман, кейин шу ерда тўйимиз бўлиб ўтди. Тўнғич қизимизнинг исмини унинг шарафига — Наргиз қўйганмиз. Қувасой ва Фарғона шаҳри, Фарғона туманида ҳаёти қадрдон гўшага боғланган оилалар кўпчиликни ташкил этади.

Ишонамизки, кейинги пайтда айнан туризм соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратаётган Фарғона вилояти ҳокимлиги мутасаддилари бу масалани эътиборсиз қолдиришмайди. «Наргиз»нинг довруқли шуҳрати қайта тикланишини чин дилдан истаймиз.

Ботир Мадиёров,«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер