“Абдурауф Фитрат” спектакли премьераси бўлиб ўтди

17:49 18 Октябр 2023 Жамият
778 0

Бухоро вилоят мусиқали драма театри жамоаси шоир ва драматург Зикрилла Неъмат қаламига мансуб “Абдурауф Фитрат” спектаклини саҳналаштирди.

— Асарда юрт истиқлоли учун курашган, халқимиз маданияти тарихида ўчмас из қолдирган шоир ва носир, драматург ва публицист, адабиётшунос, жамоат арбоби Абдурауф Фитратнинг ҳаёти ва ижоди қаламга олинган, —  дейди театр адабий эмакдоши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Моҳигул Назарова. — Биламизки, ўтган асрнинг 20 – 30 йилларида яшаб ижод қилган кўплаб юрт фидойиларининг ҳаёти фожиали якун топган. Муаллиф ана шундай ижодкорларнинг олд қаторида турган Фитрат образини ўзига хос йўсинда яратиш орқали истиқлол, ҳуррият тушунчаларининг нақадар бебаҳо қадрият эканини кўрсатиб берган.

Спектакль иқтидорли режиссёр Лазиз Наврўзов томонидан саҳналаштирилган. Унда асосий ролларни театрнинг Бахтиёр Пирматов, Суҳроб Қурбонов, Муроджон Ҳасанов каби талантли актёрлари билан бирга эл – юрт назарига тушган Рўзигул Қандова, Раҳим Эргашев, Саодат Ғуломова каби санъаткорлар ижро этишган.

Асар премьерасининг 21 октябрь — Она тилимиз байрами арафасида бўлиб ўтишида ҳам назаримизда, мажозий маъно бор. Қомусий билим эгаси Абдурауф Фитрат ўзбек тилини асраб – ардоқлаш, унинг имкониятларини кўрсатиб бериш борасида ҳам фидойилик кўрсатган. Олимнинг ўзбек тили грамматикасига оид дарсликлари 1925 – 1930 йиллар оралиғида беш бор нашр этилган. Айнан тилшунослик ва адабиётшунослик борасидаги чуқур илмий тадқиқотлари учун у ўзбек олимлари орасида биринчилардан бўлиб профессор унвонига сазовор бўлган.

Спектаклга келсак, у томошабинлар, хусусан, зиёлилар ҳамда ёшлар томонидан илиқ қарши олинди. Театр жамоаси репертуари яна бир ажойиб саҳна асари билан бойиди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер