Абдул Раззоқ Аҳмад: Ўзбекистон улкан истиқболга эга давлат

16:41 13 Март 2023 Сиёсат
541 0

Фото: Халқ сўзи

Малайзия Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ёшлари учун олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов ва Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) раиси Абдул Раззоқ Аҳмад ўртасидаги музокараларда маълум қилинди. Учрашувда икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли бўлиб келгани таъкидланиб, истиқболда янада кенгайишига ишонч билдирилди.

Доктор Абдул Раззоқ Аҳмад Марказий Осиё давлатлари билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиши, Малайзия хорижий талабалар ҳамда иқтидорли ёшларни жалб қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Хусусан, аниқ фанлар, яъни математика ва физика соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлиши мумкинлиги айтилди.

Малайзия вакиллари Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг магистратура ва докторантура босқичи талабаларини таҳсил ва қўшма тадқиқотлар учун юборишни таклиф қилди. Музокараларда Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан ҳам қатнашди.

Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги делегацияси Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлигида ҳам бўлиб, олий таълим соҳасида экологик таълимни ривожлантириш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлаш ҳамда сув ресурсларини бошқариш истиқболларини муҳокама қилди. Делегация, шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети вакиллари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида ўзаро фикрлашди.

Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) дунё бўйлаб мамлакат таълим тизимини тарғиб этиш билан шуғулланади. «Ўзбекистонга таълим масъуллари билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилиш учун келдик. Ўзбекистон инсон салоҳияти борасида улкан истиқболга эга. Малайзия бу борада кўмак беришга тайёр. Албатта, бу ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши керак. Малайзия ислом молияси, ислом банки, муҳандислик, тиббиёт, туризм каби йўналишларда катта тажриба орттирган ва биз бу борадаги илғор тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр. Айни пайтда, ўзбекистонлик ёшлар математика, IT ва бошқа аниқ фанлар бўйича юқори билимга эга. Биз айнан уларни манфаатли лойиҳаларга жалб этмоқчимиз», – дейди доктор агентлик раҳбари Абдул Раззоқ Аҳмад.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер