92 тадбиркорни чув туширган ЭҲМ оператори ҳамда унинг МИБдаги ҳамтовоғига суд ҳукми ўқилди
Азимжон Сафаров оилавий корхонасидан 2018 йилнинг 24 апрель куни табиий газ тўлови учун Ғиждувон туман газ идорасига бир миллион сўм миқдоридаги маблағни кўчирди.Бир оз вақт ўтгач, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан олиб борилган ўрганиш жараёнида бу пул унинг абонент рақамига ўтказилмагани маълум бўлди.Бундан табиийки, тадбиркор таажжубланди.Қарангки, ноқулай аҳволга тушган ёлғиз Азимжон эмас экан.Оз эмас, кўп эмас, 92 нафар тадбиркор томонидан амалга оширилган табиий газ тўловлари аллақайгадир ғойиб бўлган.
Хўш, калаванинг учи қаерда? У топилмай қолмади,албатта.
-Ғиждувонгаз”унитар корхонасида ишлаган пайтимда шу ерда инспектор вазифасида фаолият кўрсатган Бахтиёр Расулов билан танишганман,- дейди судланувчи Аслиддин Фатуллаев.- Кейин Бахтиёр Мажбурий ижро бюроси Ғиждувон туман бўлимига давлат инспектори вазифасига ишга қабул қилинди.Мен эса Ғиждувон туманлараро 7-сон газ таъминоти участкасида ЭҲМ оператори вазифасида иш бошладим.
Ўшанда 2017 йил октябрь ойи эди.Бахтиёр Расуловга қўнғироқ қилиб, ундан “Табиий газ тўлови учун нақд пул тўлайдиган истеъмолчи борми” деб сўрадим.Бахтиёр “Бу нима учун керак” деди.Унга “Ўзтрансгаз” АЖнинг Ғиждувон туман филиали аҳоли ҳисоб рақамида ортиқча пуллар борлигини, шу пуллар ҳисобидан истеъмолчиларнинг абонент рақамларига тўловларни ўтказиб беришимни айтдим. “Истеъмолчиларнинг абонент рақамларига ўтказиб берилган пуллар кейинчалик уларнинг абонент рақамларидан қайтариб олинмайдими” деб сўраганида, “Бир тадбиркор аҳоли ҳисоб-рақамига кўпроқ пул ўтказган, шунинг бир қисмини нақл пул қилиб беришни илтимос қиляпти” деб айтдим.Бахтиёр рози бўлди.Истеъмолчилардан табиий газ тўлови учун кунлик ундирилган нақд пулларни ва истеъмолчиларнинг рўйхати ҳамда абонент рақамларини менга бериб турди.Мен Бахтиёрдан табиий газ тўлови учун олинган нақд пулни ўз эҳтиёжларим учун сарфлаб юбордим.Айбимга иқрорман.
Мажбурий ижро бюроси Ғиждувон тумани бўлими энергия ресурслари, сув ва маиший чиқиндилар бўйича қарздорликни ундириш ва назорат қилиш шўъбаси давлат инспектори лавозимида фаолият юритиб келган Б. Расуловнинг кўмаги билан бу “уддабурон” шу тариқа тадбиркорларнинг жами 46 миллион сўмдан зиёд табиий газ учун тўланган пулларини ўзлаштиргани аниқланди.Судда айбланувчи Бахтиёр Расулов ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди.
“Ғарбгазтаъминот” УК “Ғиждувонгаз” филиали биносида жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Б. Ачилов раислигида ўтган сайёр суд мажлисида айбдорларга ҳукм ўқилди.Унга кўра, Аслиддин Фатуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.Икки йил муддатга моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Бахтиёр Расулов эса бир йил муддатга моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.Энди у ойлик иш ҳақининг ўн фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан бир ярим йил муддатда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтайди.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг