77 йил олдин топилган «Омонқўтон ғори»нинг сири ошкор бўлди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Омонқўтон қишлоғи Ургут туманининг жануби-шарқий қисмида, Самарқанд ва Қашқадарёни боғловчи «Тахтиқорача» довонида жойлашган. Зарафшон тоғ тизмалари бўйлаб, тоғолди ҳудудидаги мазкур қадимий гўшанинг сўлим табиати, соф ҳавоси ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади.
Бу гўшани маҳаллий аҳоли Чақил Қалян, ғарбий қисмини Қоратепа деб атайди. Айнан шу қишлоқдан Буюк ипак йўли ўтган.
– Самарқанддаги энг қадимги археологик ёдгорликлардан бири Омонқўтон ғоридир, – дейди Самарқанд давлат университети Археология кафедраси мудири Одил Эргашев. – Профессор Давид Лев 1947 йилда ғорда тадқиқот олиб бораётганда бундан 100 минг йил олдин яшаган ибтидоий одамларнинг манзилгоҳи топилган. Ушбу тарихий ашёлар тарихимиз ҳақида муҳим маълумотларни беради.

Ғорнинг умумий узунлиги 82 метр бўлиб, ичкарига 10 метр кирилганда баландлиги қарийб 4 километрлик кенг жой бор. Ғор ичкариси супа ва битта хонага бўлинган. Хонадаги оқ тошлар ҳалигача ўз рангини йўқотмаган. Ғор куз, қиш фаслида илиқ, баҳорда сув билан тўлиб, ёзда салқин бўлади.
– Марказий Осиё минтақасининг қадимги тош даврини ўрганишда Омонқўтон ғори маълумотларига мурожаат қилмаган манбашуносни учратиш мушкул, – дейди доцент О.Эргашев. – Дастлаб бу ерга полшалик геологлар, америкалик, италиялик палеолит даври мутахассислари ташриф буюрди. Омонқўтон ғори нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё палеолитида муҳим ўрин тутади. Бу даврни ўрганишда таянч ёдгорлик ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 мартдаги қарори асосида «Омонқўтон миллий табиат боғи» ташкил этилган.
– Ғор миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган, – дейди Омонқўтон миллий табиат боғи директори Азамат Амруллаев. – Ҳар йили баҳорда ер ости сув сатҳининг кўтарилиши натижасида ғордан сув чиқади. Май ойининг охиригача, баъзида саратонга қадар давом этади. Фақат бу йил иқлим ўзгариши туфайли сув чиқмади. Ғорда сувнинг пайдо бўлиши, қуриши тектоник ҳаракатлар, оҳактошлар ёриқларнинг ёпилиши ёки очилишига боғлиқ.
Миллий боғни ташкил этишдан асосий мақсад табиатни асраб-авайлаш, ўрмон ва тоғолди ҳудудлардаги йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолишдан иборат. Ҳудуднинг 1000 гектари қўриқхона зонаси, 400 гектар рекреацион ҳудуд, 100 гектари хўжалик юритишга мўлжалланган.

Боғда 1300 турдан зиёд ноёб ўсимлик ва дарахтлар, 120 турдан ортиқ ҳайвон ва жонзотлар яшайди. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда 15 нафар ходим фаолият кўрсатади. Шунингдек, ҳудудда тақиқловчи ва огоҳлик белгилари ўрнатилган бўлиб, миллий боғга келувчи маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳамда аҳоли ўртасида боғнинг қўриқхона зонасига рухсатсиз кирмаслик, ноёб ўсимлик, дарахт ва жонзотларга зиён етказмаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
– Боғнинг қўриқхона зонасига кириш, ўсимликларни пайҳон қилиш, «Қизил китобга» киритилган ўсимликлар ва гулларни узиш, шикастлантириш, дарахтларни, буталарни кесиш, ўтин ва шох-шабба олиш, доривор-зиравор ўсимликларни териш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, – дейди А.Амруллаев. – Кейинги пайтда миллий боғ ҳудудидаги маҳаллий аҳоли томонидан доривор ўсимлик ва гулларни узиш, зиён етказиш, қўриқхона зонасида чорва молларини боқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Жорий йилда ўнга яқин ҳолатда фуқаролар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари кузатилди. Уларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди.
Баҳор, ёзда миллий боғ ҳудуди маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўлади. Омонқўтон ғорининг қадимлиги ва софлигини асраб-авайлаб, келажак авлодга шикастсиз етказиш барчамизнинг бурчимиздир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг