70 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз

19:31 21 Июль 2023 Жамият
639 0

Фото: “Халқ сўзи”

Юртимизда янги шукуҳ, янги ҳаёт ва туб янгиланишлар бошланган 2016 йили оилавий корхонамизга асос солдик. Шу йили Кармана тумани ҳокимлиги кўмаги билан 200 миллион сўм кредит олиб, хонадонимизда “Teramisu“ оилавий корхонасини ташкил этдик. Хитой давлатидан 14 турдаги ускуналар олиб келиниб, 70 турдаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ҳозирда корхонада 32 та иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг 17 нафарини маҳалламиздаги “Аёллар дафтари”да турувчи хотин-қизлар ташкил этади. Маҳсулотларимизга қўшни Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан ҳам талаб бор. Даромадларимиз эвазига яқинда “Ширин диёр” савдо комплексини бунёд этиб, беш нафар аёлни доимий иш билан таъминладик.

Ўтган етти йиллик фаолиятимни кўз олдимга келтириб, эришган марраларимиз мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, инсон қадри улуғланиши, тадбиркорларга кўрсатилаётган рағбат ва ғамхўрликларнинг бевосита кўзгуси, деб ҳисоблайман. Биргина мисол, нақд ва электрон тўловдаги тафовут нафақат халқимиз, балки биз тадбиркорларга ҳам қанчалар ташвиш эди. Турли идораларнинг давомли текшир-текширларини айтмайсизми? Бугун у кунлар тушдек унутилди.

Албатта, тадбиркорликни бошлаш ва уни оёққа қўйиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун истакдан ташқари журъат, қаноат ва изланиш ҳам бўлиши керак. Демоқчиманки, қўл қовуштириб ўтирадиган замонлар ўтди. Энди ҳар бир инсон ўз имкониятини, энг аввало, ўзи қадрлаши зарур.  

Мендан кўпинча бахтлимисиз деб сўрашади. Албатта, ҳа, бахтлиман дейман. Шундай юртнинг фарзанди эканлигимизнинг ўзи – бахт. Оппоқ орзулари бор халқ фарзанди эканлигимиз, унинг тафти ила улғаяётганимиз, келажак авлодни улғайтираётганимиз – бахт. Мусаффо тонгларнинг нафасидан баҳраманд бўлаётганимиз, хотиржамликда тунларни тонгга улаётганимиз – бахт. Мана шу бахтимизга ҳеч қачон кўз тегмасин!

Маъсуда ЯРҚУЛОВА,

“Teramisu“ оилавий корхонаси раҳбари,

Кармана тумани.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер