30 йилда амалга ошган орзуим
Охирги йилларда юртимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Буни нафақат биз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.
Ўзим Тожикистонда туғилган бўлсам-да, умримнинг, ҳаёт ва фаолиятимнинг асосий қисми Ўзбекистонда ўтмоқда. Айни шунинг учун ҳам Ўзбекистон менинг қадрли масканим. Шу ерда ишлаб, меҳнати қилаётганимдан фахрланаман.
Дарвоқе, юртимизда олиб борилаётган яна бир муҳим ислоҳот шуки, Ўзбекистонда яшаётган, аммо фуқаролик паспортига эга бўлмаганларга белгиланган тартибга кўра Ўзбекистон фуқаролигини бериш тизими йўлга қўйилди. Бу жуда кўплаб фуқаролиги бўлмаганларга катта воқелик бўлди. Шулар қатори менинг бу янгиликдан бошим кўкка етди.
Президентимиз томонидан 2020 йил 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга билан 1995 йилгача республикага кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан тўғри бериш тартиби белгиланган эди.
Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида эса мамлакатимизга 2005 йилгача кўчиб келиб, 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби жорий қилиниши, бунинг натижасида 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлишини маълум қилди.
Буларнинг барчаси фуқароларга чексиз ғурур ва фахр туйғусини берди.
Мисол учун, ўзим 30 йилдан бери фуқаролиги йўқ шахс сифатидаги яшаш гувоҳномасида истиқомат қилиб келдим. Бу меҳнат фаолиятим ёки хорижга чиқиш-кириш ва бошқа масалаларда қийинчиликлар туғдирарди. Сайловларда ва бошқа тегишли жараёнларда иштирок этолмасдим, айрим ҳуқуқлардан маҳрум эдик.
Бугун эса вазият бутунлай бошқача. Тизим ўзгарди, ҳар соҳада иш тутуми ўзгарди. Натижада халқнинг оғири енгил, узоғи яқин бўляпти. Ана шундай ислоҳотлар туфайли жорий йил Рамазон ҳайити байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндим, ўз фуқаролик паспортимга эга бўлдим. Бу АКТ соҳасида узоқ йиллар турли лавозимларда ишлаб, Ватан равнақига ҳисса қўшиб келаётган оддий бир фуқаро учун ғоятда катта бахт эди.
Бу кун мен ва яқинларим, турмуш ўртоғим, 3 нафар фарзандим учун ҳақиқий байрам бўлди. Бугун мендан-да бахтли инсон йўқ! Икки фарзандим талаба, яна бири мактаб ўқувчиси.
Энг қувонарлиси, бу йил конституцион ҳуқуқларимдан фойдаланиб, октябрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловида қатнашаман. Мен ва менга ўхшаган узоқ йиллик орзулари ушалган фуқаролар давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатдан, бугунги туб ислоҳотларда миннатдормиз. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, ривожланиш одимлари эса бардавом бўлаверсин.
Абдуямин САМАТОВ
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг