30 июль — Одам савдосига қарши курашиш куни

19:11 30 Июль 2019 Жамият
5649 0

Одам савдоси инсоният пайдо бўлгандан буён қуллик ва унинг турли шакллари мавжуд бўлиб келган. Аммо бу замон ва маконга бориб ўзгариб борган. Бугунга келиб эса инсон ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари асосий омилга айланиб, ҳар йили 30 июль санасида одам савдосига қарши курашиш куни сифатида бутун дунёда кенг нишонланади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёшлар пресс-клуби”да бўлиб ўтган навбатдаги сессияси “Ёшлар одам савдосига қаршимиз!” мавзусида ўтказилиб, унда мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижаси ва истиқболдаги режалар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда Одам савдосига қарши курашиш бошқармаси, Тошкент меҳнат миграцияси агентлиги,Одам савдоси жабрдийдаларига амалий ёрдам кўрсатиш Реабилитация маркази вакиллари, ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ёшлар иттифоқи вакилининг берган маълумотларига кўра, бугунгача хорижга алданиб чиқиб кетган, фуқаролик паспортини олдириб қўйган 43 нафар ёшларга паспортлари қайтариб олиб берилди, 18 нафар ёшлар ватанга қайтарилди, 8 нафар ёшлар турли номаълум ташкилотларнинг чорлови билан меҳнатга жалб қилинган ҳолатлари аниқланиб, хорижга чиқиб кетишларининг олди олинди.

— Хорижга чиқиб кетаётган фуқароларимизнинг 70-80% ини аёллар ташкил этади. — дейди Тошкент меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Давлатназар Матрасулов. — 20-30%и алданиб, орта қайтаётганларни ташкил этади. Уларга маънавий, руҳий, моддий тарафлама кўмак бериш, қўллаб-қувватлаш бўйича турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёшларимизни бу жиноятга аралашиб қолмасликлари учун тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилмоқда, жойларда тарқатмалар, брошюралар тақдим этилмоқда. Ушбу жиноятга қарши курашиш билан биргаликда, ёшларимизнинг ҳуқуқий онггини-да ошириш кўзлаган мақсадларимиздан биридир.

Тадбир сўнггида журналистлар, ёшлар ва тадбир спикерлари билан савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар ўтказилди.

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер