3 ноябрдан Австрияда ҳам карантин жорий этилади. Таълимнинг юқори босқичи масофадан ўқишга ўтказилади

12:32 01 Ноябрь 2020 Дунё
1068 0

Австрия ҳукумати янги коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 3 ноябрдан декабрь бошигача карантин эълон қилмоқда. Карантин доирасида 20:00 дан 06:00 гача одамларнинг уйларидан чиқишларига чеклов қўйилади. Бу ҳақда мамлакат канцлери Себастьян Курцга асосланиб ТАСС хабар берди. 

«Сешанба кунидан ноябрь ойининг охиригача Австрияда иккинчи локдаун жорий қилинмоқда, — деган Курц Венадаги матбуот анжуманида. — Уйдан соат 20:00дан 06:00гача чиқишга чеклов қўйилиши керак. Қонунда назарда тутилганидек, бу уйдан чиқиб кетиш умуман мумкинмас дегани эмас. Албатта, сиз иш жойингизга боришингиз, бошқа одамларга ёрдам беришингиз ёки сайр қилишингиз мумкин. Чеклов эса айнан соат 20:00дан 06:00гача сиз меҳмонга бормаслигингиз, яъни бошқа одамлар билан учрашиш учун уйдан чиқмаслигингизни англатади. Бу тунги учрашувлар туфайли инфекцияни юқтирганлар сони кўпайгани билан боғлиқдир». 

3 ноябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари меҳмонларни қабул қилишни тўхтатиб, озиқ-овқатларни етказиб бериш учун ишлайди. Кечаси соат 20:00дан 06:00гача кўчага фақат шошилинч иш, муҳтожларга ёрдам бериш, сайр қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари учун чиқиш мумкин бўлади. Оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Меҳмонхоналар ижарачи сайёҳларни қабул қилмайди. Профессионал спорт тадбирлари томошабинларсиз ўтказилади. Мактабларнинг катта синфлари ва университетлар масофадан ўқитишга ўтказилади. Рақс мактаблари, спорт заллари, кўнгилочар боғлар, ҳаммомлар, театрлар, опералар, кинотеатрлар ёпилади. Савдо шохобчаларида харидорлар сони чекланади. Иш жойида тиббий ниқоб кийиш ва масофани сақлаш тартибига қатъий риоя этилиши шарт . 

Октябрь ойида ушбу мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ антирекорд ўрнатилиб, уларнинг сони 5 минг кишидан ошди.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер