25 сотихда гидропоника усулида иссиқхона ташкил этган миришкор йилига 1 миллиард сўмга яқин даромад топмоқда

11:02 19 Февраль 2026 Жамият
273 0

Ўзбекистон туманидаги “Даштчўлпон” МФЙ оғир ҳудудлар тоифасига киритилган бўлиб, аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва фаровонлигини юксалтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Деҳқончилик ва чорвачилик маҳалланинг иқтисодий драйвери ҳисобланади. Ҳозирги кунда “Устоз-шогирд” тажрибаси асосида маҳалладаги ёш оилалар илғор томорқачиларга бириктирилмоқда. Хусусан, Равшанжон Эсонқулов маҳалладаги 10 та хонадон аъзоларига томорқадан унумли фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини ўргатиб келаётир.

Гап шундаки, у икки йил олдин 25 сотих кам ҳосилли ерда гидропоника усулида қулупнай етиштиришга ихтисослашган иссиқхона барпо этиб, энергия тежамкор жиҳозлар, иситиш ва совитиш тизими ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатди. Натижада 10 та доимий ва 40 та мавсумий иш ўрни яратилди.

Бу йил ҳам ушбу иссиқхонага Корея Республикасининг интенсив қулупнай навидан 30 минг тупга яқин экилган. Ҳозирги кунда ғарқ пишган қулупнай ҳосили нафақат туман бозори, балки Қўқон ва Тошкент шаҳри бозорлари ҳамда савдо тармоқларига етказиб берилмоқда. Миришкор томорқачининг айтишича, гидропоника усулида кўчатларни босқичма-босқич етиштириш орқали йил давомида ўртача беш-олти ойгача қулупнай ҳосилини олиш мумкин.

Эътиборлиси, бу борада етарли тажрибага эга бўлган илғор томорқачи ўз хонадонида “Кўчатчилик мактаби” ташкил этиш ҳаракатида. Бу ерда ёш томорқачиларга қулупнай етиштиришни ўргатиш, буюртма асосида сердаромад қулупнай кўчатлари етиштириб бериш, парваришлаш ва илғор агротехнологиялардан фойдаланиш усулларини жорий этишга кўмаклашиш мақсад қилинган.

—Айни кунларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 10 дан ортиқ оилага 50 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиб, замонавий иссиқхоналар барпо этишга киришилган,—дейди маҳалла раиси Ҳусниддин Ғуломов.—Шу тарзда қулупнайчиликни маҳалла драйверига айлантириш кўзда тутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда маҳалладаги 746 та оилада 3176 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер