23 октябрь — Халқаро қор қоплони куни!
Шу куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида қор қоплони ва унинг экотизимларини сақлашни тарғиб қилишга қаратилган экологик ва маърифий тадбирлар ўтказилади.
Қор қоплони, қор леопарди ёки ирбис — Марказий Осиё тоғларида яшовчи мушуксимонлар оиласига кирувчи йирик йиртқич сутэмизувчи ҳисобланади. Қор қоплони фақат совуқ иқлим шароитида яшайдиган оиланинг ягона аъзоси. Маҳаллий кенг тарқалган кичик тур бўлиб, бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Ўзбекистон Қизил китобига ва ТМХИ қизил рўйхатига киритилган.
Таъкидлаш жоизки, қор қоплони 2024 йил 12–17 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида биринчи марта бўлиб ўтадиган ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция (CMS COP14) томонлари конференцияси 14-йиғилишининг рамзи сифатида танланган.
CMS COP14 логотипида Марказий Осиё ёдгорликларининг машҳур плиткаларини эслатувчи нақш билан безатилган қанотли қор қоплони тасвирланган. Бу ҳайвон Ўзбекистондаги биологик хилма-хилликнинг асосий турларидан бири бўлиб, 12 мамлакат ҳудудида тарқалган. Қудратли йиртқич Самарқанднинг афсонавий рамзи бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб “Шердор” мадрасасидан Ўзбекистон миллий банкноталаригача кенг тарқалган.
Хавотирли томони, сўнгги ўн йилликларда қор қоплонининг сони тобора камайиб бормоқда. Бугунги кунда ёввойи табиатда атиги 2700-3300 та қор қоплони яшайди (манба: ТМХИ йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларнинг қизил рўйхати). Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қор қоплонларининг умумий сони турли ҳисоб-китобларга кўра 30-50 тадан 80-120 тагача. Ғарбий Тян-Шанда 10–15 тадан 30–40 тагача, Помир–Олойда – 20–30 тадан 50–80 тагача қор қоплони қайд этилган.
Қор қоплонини овлаш қатъиян тақиқланган. Ҳисор, Зомин, Чотқол қўриқхоналари ва Угом-Чотқол миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган. SITESнинг И Иловасига киритилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг