2023-2028- йилларда Ўзбекистонда қурилиш бозорини ривожлантириш истиқболлари мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Соҳадаги стратегик мақсадлар ҳам қурилиш индустриясининг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш кўрсаткичи ҳамда қурилиш ҳажмини юксалтиришни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги «2023-2028- йилларда Ўзбекистонда қурилиш бозорини ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қурилиш ва коммунал соҳасига дахлдор вакиллари иштирок этиб, соҳани ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Тадбирни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов очиб берди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Республикасида қурилиш соҳасининг ривожланиш суръатлари, хусусан модернизация жараёнлари, рақамлаштириш босқичлари ҳақида маълумот берди.

“Ўзбекистон Республикасида қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг стратегияси тасдиқланган бўлиб, шаҳарсозлик соҳасидаги эскириб қолган норматив ҳужжатларни замонавий жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш қатъий белгилаб олинган. Жумладан, “Uzbekistan building code” модернизацияси орқали бир неча аниқ мақсадлар кўзда тутилмоқда. Яъни:
-эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бугунги кун ислоҳотлари билан уйғунлаштириш;
-уларни тизимлаштириш орқали қурилиш соҳасида бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш;
-нормаларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ муаммоларни таҳлил қилиш орқали такомиллаштириш;
-нормаларни қурилишга оид халқаро норматив-техник ҳужжатларга мувофиқлаштириш шулар жумласидандир.

Мазкур модернизация жараёнлари учун Корея қурилиш технологиялари институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, шунингдек, ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун 2022 йилда Вазирлик ҳузурида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Бугунги кунда институтда 80 дан ортиқ қурилиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш бўйича илмий ходимлар ҳамда малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқда”.

Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов сўз олиб, шаҳарсозлик соҳасидаги янгича тизим, такомилига етказилаётган норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан ШНҚ ва ҚМҚ талаблари, илғор хориж тажрибаси ва технологияси жорий этилган лаборатор илмий тадқиқот жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Бугунги тезкор замон, жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган шароитда рақамлаштириш илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоғида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтганига гувоҳ бўляпмиз. Рақамлаштириш ҳар бир соҳада инсонларсиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтиради, солиқ тушумларини “ақлли” шартномалар тузиш орқали кўпайтиради, бюджет харажатларининг очиқлигини оширади, ягона электрон платформа орқали хизматлар кўрсатиш имкониятини беради. Ҳар бир жабҳада рақамлаштириш жараёнларини ташкил этиш келажакда реал рақобатбардошликни узоқ муддатга сақлаб қолиш имкониятини беради.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов қурилиш соҳасини рақамлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
“Ўзбекистон қурилиш соҳасини рақамлаштириш бўйича дунёнинг илдамлаб бораётган мамлакатлари қаторида, десак муболаға бўлмайди. Вазирлик томонидан аҳолига, тадбиркорлик субъектларига буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотларига, умуман қурилиш жараёнларининг барча иштирокчиларига максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунда барча хизмат ва технологик жараёнларни инсон омилининг аралашувисиз мувофиқлаштириб бориш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишга туширилди. Бу эса мазкур соҳадаги давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ҳужжатларнинг электрон шаклда айланишини таъминлаш, инвестиция дастуридаги қурилиш объектларининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини бермоқда. Шунингдек, қурилиш объектларида назорат жараёнлари электронлаштирилиб, барча маълумотлар автоматик тарзда шакллантириляпти,”- деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими директори ўринбосари Шуҳрат Ҳамдамов дастурий мажмуанинг асосий модуллари бўйича маълумот берди.
“Қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари ахборот тизими” платформаси орқали бир неча давлат хизматлари онлайн амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, қурилиш ҳамда тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома олиш ва ҳоказо.

Қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тизими. Бугунги кунда, мазкур тизимга республикада фаолият юритаётган 22 000 дан ортиқ қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари киритилган. Мазкур ташкилотларнинг рейтинги унинг моддий-техник базаси, рақобатбардошлиги, кадрлар сиёсати, молиявий кўрсаткичлари, соҳа мутахассисларининг иш тажрибаси каби бир неча муҳим факторларни инобатга олган, шунингдек масъул давлат органларидан маълумотларни он-лайн тартибда автоматлаштирилган ҳолда шакллантирилиб борилади.

Қурилиш ишлари тендер платформаси инсон омилисиз амалга оширилади. Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида тендер платформасининг аналоги мавжуд эмас, яъни ушбу тизим фақат Ўзбекистонда ташкил этилган. Бунда талабгорнинг маълумотлари автоматлаштирилган тарзда Солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Мажбурий ижро бюроси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ва Марказий банк маълумотлар базасидан олинади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ахборот тизими тўлиқ рақамлаштирилди, бунда ариза берувчилар уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилишлари, қисқа муддатларда тегишли экспертиза хулосаларини олишлари мумкин. Энг муҳим жиҳати, мурожаатчи онлайн равишда аризанинг ҳар бир босқичини мониторинг қилиши учун имконият яратилган.

Навбатдаги модуль қурилиш соҳасида кўрсатиладиган электрон хизматларни мониторинг қилиш ва ҳар бир объект кесимида босқичма-босқич амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жам қилган “Мақсадли дастурлар мониторинг” электрон тизимидир. Ушбу тизим орқали “Шаффоф қурилиш” тизими қошидаги бошқа тизимлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши ҳисобига амалдаги муаммоларни ечиш салоҳиятига эга бўлди.
Хитой халқ республикасига қарашли “САМСE” компаниясининг мамлакатимиздаги бош вакили Гуо Зи-Жие (Го Сзысзе) “Қурилишда яшил технологиялар, инновацион келажак” мавзусида қизиқарли тақдимот ўтказди.

Семинарнинг иккинчи қисмида вазирликнинг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Шароф Раджапов “Халқаро компания ва ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг алоҳида аҳамияти” мавзусида нутқ сўзлади. Унда соҳада халқаро тажрибанинг аҳамияти, ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида сўз борди.

Шундан сўнг Корея Республикаси “DL E&C” компанияси вице-президенти Жанг Минсу сўзга чиқиб, “Келажакни кўзлаган инфратузилма лойиҳалари” мавзусида тақдимот ўтказди. Унда келажак қурилиш объектларининг талаблари, ўзгаришлар, эътиборга молик жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари учрашувга якун ясар экан, бундай халқаро тадбирлар қурилиш ва коммунал соҳани тараққий эттиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбир қизғин тусда, муҳокамалар ва ўзаро савол-жавоблар тарзида ўтказилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг