2022 йилда юртимизда Ўзбекистон — Ҳиндистон тиббиёти ойлиги ўтказилади — Амрилло Иноятов 

22:51 28 Декабрь 2021 Жамият
1918 0

Яқинда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Ҳиндистонда бўлиб қайтди. Ушбу сафар, унда эришилган келишувлар ҳақида маълумот олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятовга мурожаат қилдик.

«Якунланаётган йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида ўзгаришлар ва таъбир жоиз бўлса синовли ўтди, десак муболаға эмас. Президентимиз томонидан барча соҳаларда бўлгани каби, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни халқимиз кўра бошлади. Янги Ўзбекистоннинг тиббиётдаги бу ўзгаришлари юртимиз соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқмоқда.  Шундан келиб чиқиб, кириб келаётган 2022 йил Ўзбекистон тиббиётида мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиланишлар йили бўлиши, шубҳасиз. Ўтган ҳафтада жаҳоннинг тиббиёти жуда ривожланган давлатларидан бири — Ҳиндистонда бўлиб қайтдик.

Ушбу давлатдаги ҳамкасбимиз — Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва бир қатор дунёда машҳур йирик тиббиёт ва фармацевтика компаниялари ҳамда етакчи университетлари раҳбарияти билан учрашиб, халқимизга катта манфаат келтирадиган келишувларга эришдик.

Жумладан, “Apollo Hospitals”, “Medanta Hospital” ва “Sharda Hospital” компаниялари ва LNCT University каби 20га яқин етакчи муассасалар билан келишувлар имзоланди. 

Улардан бири — ўзаро келишувга кўра Фарғона вилоятида кўп тармоқли тиббиёт маркази ва болалар кардиохирургияси, трансплантология ва онкология йўналиши бўйича тиббиёт университети филиали ташкил этилади.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг 15 та йирик тиббий компаниялари билан алоқалар ўрнатдик. Турли хил жарроҳлик тиббий муолажалари олиш учун юртимиздан борган ватандошлар билан учрашдик, уларга имкон қадар кўмак беришга ҳаракат қилдик.

Халқимизнинг йирик жарроҳлик амалиётига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2022 йилда юртимизда «Ўзбекистон — Ҳиндистон» тиббиёти ойлигини ўтказишни режалаштирганмиз. Мазкур ойлик доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тиббий кўриклар, муолажалар ва жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади. Бу эса ҳар бир беморнинг жуда катта миқдордаги маблағи тежалишига олиб келади», дейди Амрилло Иноятов.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер