2022 йилда «COVID-19» пандемияси якунланиши мумкин. Агар...
Фото: Reuters
Кенг қамровли чоралар кўрилса, «COVID-19» пандемияси 2022 йилда тугаши мумкин. Ушбу фикрларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус айтиб ўтди.
«Агар мамлакатлар стратегия ва воситалардан тўлиқ фойдаланса, бу йил пандемиянинг ўткир босқичини тугатишимиз мумкин. Биз «COVID-19»ни глобал соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолати сифатида якунлашимиз мумкин», дейди Гебрейесус.
Унинг таъкидлашича, ҳозир дунё пандемиянинг ўткир босқичида турибди. Бироқ инсониятда унга чек қўйиш учун барча воситалар бор. Фақат улардан адолатли ва оқилона фойдаланиш керак.
«Биз ушбу пандемиянинг ўткир босқичини якунлаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Биз унинг яна давом этишига, ваҳимага тушиш ёки эътиборсизликка йўл қўя олмаймиз», дейди ЖССТ раҳбари.
Гебрейесуснинг таъкидлашича, COVAX дастури доирасида 1 миллиард доза вакцина етказиб берилган. Аммо дунёда эмлаш суръати ҳали ҳам кутилганидек кетмаяпти. 34 мамлакат ҳалигача ўз аҳолисининг 10 фоизини эмлаш имконига эга бўлмади, 86 мамлакатда эса вакцина олганлар 40 фоиздан камроқни ташкил қилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг