160 нафар ҳарбий янги уйга кўчиб кирди
Наманган вилоятининг Поп туманидаги ҳарбий қисм хизматчилари Ватан ҳимоячилари байрамини қўшалоқ қувонч билан кутиб олишяпти.
Туманнинг “Қўшминор” маҳалласида қуриб битказилган бешта кўп қаватли тураржой биноси куни кеча улар ихтиёрига топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Мудофаа вазирлиги, Поп тумани ҳокимлиги, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Унда сўз олганлар мамлакатимиз Қуролли кучлари салоҳиятини ошириш баробарида ҳарбийлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хусусан, улар турмуш шароитини яхшилаш борасидаги кенг кўламли ишларни мамнуният билан эътироф этишди. Шундан сўнг 160 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзоларига шинам хонадонлар калити тақдим этилди.

— Замонавий ва шинам тўрт хонали уй оиламиз учун чинакам байрам туҳфаси бўлди, — дейди подполковник Камолиддин Муҳаммадиев. — Бу ерда фарзандларимиз билан муносиб ҳаёт кечириш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Айтиш лозимки, эндиликда ҳарбийлар шаҳарчаси мақомини олган янги тураржой мажмуаси замонавий стандартлар асосида барпо этилган бўлиб, ундан зарур инфратузилма иншоотлари, жумладан, болалар ўйингоҳи, минифутбол майдони ўрин олган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг