15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети ташкил этилади
Фото: president.uz
Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклиф ва режалар баён қилинди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш зарурлигини таъкидлади, таъмирлаш ишлари ўқув йили бошланишидан ўтиб кетмаслиги ҳақида мутасаддиларни қаттиқ огоҳлантирди.
Олмалиқ шаҳридаги 80-сон махсус мактаб ва Ангрен шаҳридаги 73-сон мактаб-интернатни келгуси йилда таъмирлаш вазифаси қўйилди.
Хорижий экспертни жалб қилиб, 15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети фаолиятини кейинги ўқув йилида йўлга қўйиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил якунига қадар 500 нафар оғир беморларни республика марказларида соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди.
Вилоят марказида барча тиббий хизматларни кўрсатадиган ягона марказ йўқлиги қайд этилиб, мутасаддиларга хорижий лойиҳачиларни жалб қилиб, келгуси йилдан Нурафшон кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг