13 нафар фан олимпиадаси ғолибига 1 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди
Фото: "Халқ сўзи"
Шу кунларда Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳоким ва ёшлар учрашувлари ўтказилмоқда. Булунғурда туман ҳокими Самандар Астоновнинг ёшлар билан учрашида йил сарҳисоб қилиниб, йигит-қизларни ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топишга ҳаракат қилинди.
Шунингдек, учрашувда турли йўналишлар бўйича муваффақиятларга эришаётган ёшлар, уларга яқиндан кўмак бераётган етакчилар, масъуллар тақдирланди.

Хусусан, туман ҳокими стипендияси учун тўртинчи бор ўтказилган фан олимпиадасининг 13 нафар ғолибига бир миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолиблари бўлган 10 нафар, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти учун ўтказилган танловнинг вилоят босқичида юқори натижаларни қўлга киритган 3 нафар ёш ҳам тақдирланди. Ўтаётган йил давомидаги фаолияти натижадорлиги юқори баҳоланган 8 нафар ёшлар етакчисига, бундан ташқари ёшлар билан ишлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган 5 нафар нуронийга туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Паяриқ тумани ҳокими Исроил Жабборовнинг ёшлар билан учрашуви ҳам очиқ мулоқот тарзида ўтди.

Бугунги кунда туманда 30 ёшгача бўлганлар 136 минг нафарни, жумладан, 14-30 ёшлилар 70 мингдан ортиқни ташкил этади. Якунига етаётган йилда 3034 нафар ижтимоий, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож йигит-қиз маҳаллалардаги “Ёшлар дафтари”га киритилган эди. Йил давомида уларга турли шаклларда ёрдам кўрсатилиб, 2369 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 92 нафарига кредит, 154 нафарига ер берилди.
Учрашувда кўпроқ ёшларнинг фикрлари эшитилди. Улар ўзлари ва тенгдошларини қийнаётган муаммолар юзасидан ҳоким ва бошқа раҳбарларга мурожаат қилди.
Учрашувда ёшлар вакиллари ва 2023 йил давомида юқори кўрсаткичларга эришган маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари, бадиий адабиётлар тўпламлари топширилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг