1000 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имконияти
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини (HHT) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг жамиятдаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури Парламент комиссияси томонидан кўриб чиқилди.
Дастурга кўра, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ушбулардан келиб чиқиб, ННТ ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз бюджетидан 226,5 млрд. сўм маблағлар ажратилган.
Бу, ўз навбатида, жорий йилда ННТ, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мингдан ортиқ дастур ҳамда лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имкониятини яратади.
Йиғилишида ушбу йўналишдаги дастур ва лойиҳаларга ажратиладиган маблағлар аниқ натижага йўналтирилган бюджет тамойили асосида очиқ танловлар орқали амалга оширилиши қатьий вазифа этиб белгиланди.

Хусусан, давлат грантлари шаклида жамиятда ва оилада соғлом ижтимоий- маънавий муҳитни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш йўналишларида жамоат ташкилотларининг 17 млрд. сўмлик 180 дан ортиқ лойиҳалари амалга оширилади.
Мазкур лойиҳалар хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тиббий ҳамда экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг маънавий-руҳий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларии яратиш каби йўналишларда давлат органлари билан ижтимоий шерикликда бажарилади.
Дастурга мувофик, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг “Жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш” ва “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш” мавзуларида давлат грантлари ажратиш учун биринчи ва иккинчи танловлари эълон қилиш учун тасдиқланди. Танловлар жорий йилнинг 27 февралидан 31 мартигача бўлган муддатда ўтказилади.
Давлат ижтимоий буюртмаси шаклида давлат органларининг таълим сифатини ошириш, маданият, соғлиқни сақлаш, экологик ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қурилиш, коммунал хўжалиги, камбағалликни қисқартириш ҳамда бандлик каби соҳалардаги жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳамда таъсирчан ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган буюртмаларини молиялаштириш учун 18 млрд. сўм йўналтириш кўзда тутилган.
Давлат субсидияси шаклида жамоат ташкилотларининг устав фаолияти ва йиллик иш режасини бажаришга 191 млрд. 490 млн. сўм ажратиш белгиланди. Натижада ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатланади, уларни маънавий-маърифий, ижтимоий-маданий ҳамда гуманитар қўллаб-қувватлаш ишлари ташкил этилади.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти аҳолига, хорижий “ақл марказ”ларига етказилади. Демократик ислоҳотлар ижроси устидан жамоатчилик назорати янада кучайтирилади. Шунингдек, ННТ ва фуқаролик жамиятининг институтлари иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, уларни рақамли технологияларга кенг жалб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтиришга жалб қилинади.

Субсидия доирасида аҳолини кенг тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланишни ўргатиш бўйича ишлар ташкил этилади.
Албатта, ҳар қандай вазифани амалга оширишда мустаҳкам молиявий асос билан бирга, салоҳиятли кадрлар, юксак ишонч, дахлдорлик, масъулият ва жавобгарлик ҳисси муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг “Ижтимой ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарори ижросини таъминлаш орқали аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашувига кенг имкониятлар яратишга эришилади.
Йиғилишда Парламент комиссияси кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
«Халқ сўзи».
Юнус Бўриев олган суратлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг