100 йил муқаддам қадимий Арк қўрғонига ташланган авиабомбаларнинг бири илк бор экспозицияда намойиш этилди

10:42 03 Сентябр 2020 Жамият
1996 0

Бундан роппа-роса бир аср муқаддам, 1920 йилда қадимий Бухоронинг бошига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўргулик тушганди. Амирлик тузумини ағдариш важи остида кўҳна шаҳар Михаил Фрунзе бошчилигидаги шўро аскарлари томонидан ўққа тутилди. Катта қўшину тўп ва пулемётлар кучи билан шаҳарга 28, 29, 30 август кунлари юриш қилган, бироқ уни забт этиш амри маҳоллигини англаган босқинчилар (энди бу иборани ҳеч иккиланмай қўллаш мумкин) аэропланларни ишга солдилар.

1920 йилнинг машъум августида Бухорога бомба ташлаш учун парвозга шайланаётган аэроплан

Тасаввур қилинг-а, ўша пайтга қадар маҳаллий аҳоли аэроплан дегани нималигини билмаган, уни кўрмаганди. Шундай паллада тўсатдан осмонда аэропланлар пайдо бўлди ва ўзининг бетакрор обидалари, осори атиқалари билан дунёга донг таратган шаҳар устига ажал ёмғирини ёғдирди. Тарихий ёдгорликлар, тураржойларнинг бир қисми вайронага айланди. Беҳисоб қон тўкилди.Бухороликлар тили билан айтганда, «Қора қузғунлар» яъни аэропланлар олдида шаҳар ҳимоячилари ожиз қолишди.

— Биздаги айрим манбаларга кўра, ўшанда 12 та самолёт воситасида шаҳар бомбардимон қилинган, — дейди Бухоро давлат музей- қўриқхонаси бўлим бошлиғи Ўктамали Равшанов. — Бир ҳисоботда айтилишича, бир ҳамлада эски шаҳар устига 57 та авиабомба ташланган. Улар ҳар бирининг оғирлиги 11 килограмм бўлган. Бинобарин, бир ҳужумнинг ўзида шаҳарга умумий оғирлиги 600 килограммдан зиёд авиабомба келиб тушган. Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришига қараганда,аэпропланга икки киши-ҳарбий учувчи ва учувчи-кузатувчи жойлашган. Уни ўқ-дори билан шунақанги тўлдиришганки, ҳатто учувчи-кузатувчи жой тирбандлигидан ўриндиққа аранг жойлашган. Бу далиллар ожиз ва ҳимоясиз шаҳар бешафқатсизларча, ваҳшиёна ўққа тутилганини кўрсатади.

Босқиндан сўнг Минораи Калон шундай ҳолга тушганди

Ўшанда шаҳардаги, жумладан,  Арк қалъасидаги кўплаб тарихий ёдгорликлар яксон бўлди. Вайроналар ҳали-ҳануз мавжуд. 2027 йилда 900 ёшга тўладиган Минораи Калонни айтмайсизми? Уни учувчилар эрмакка нишонга олишган. Табиийки, минорага катта зиён етган. Бу тилсиз, ҳимоясиз обидаларнинг қандай айби бор эди? Ваҳшийлик бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Маълумки, бу тарихий гўшада ҳозир давлат музей-қўриқхонаси фаолият юритмоқда. Музей жамоаси манбаларга таянган ҳолда тарихни холис ва ҳаққоний ёритиш, ёшларни она-юртга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар онгу шуурига истиқлол ғояларини чуқур сингдириш мақсадини ўз олдига қўйди. Шу тариқа «100 йил.Бухоро амирлиги ва унинг тугатилиши» деб номланган экспозиция юзага келди.

Арк қалъасининг бугунги кўриниши

Айтиш жоизки, экспозициядаги кўплаб жиҳозлар томошабинлар эътиборига илк бор ҳавола этилган. Улар орасида қадимий Арк қалъаси устига ташланган ва орадан салкам юз ўтгач қўрғон ўнг томонидаги бурждан топилган авиабомба ҳам бор.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер