1 миллиард сўмлик табиий газ ва электр энергиясининг пулини тўламай ишлатганлар аниқланди

11:30 12 Июль 2024 Жамият
378 0

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўшкўпир, Учкўприк, Булоқбоши, Шофиркон ва Ромитан туман бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда бир қатор шахслар тадбиркорлик субъектларини ноқонуний тарзда табиий газ ва электр энергияси тармоқларига улаб, умумий қиймати 1 миллиарддан ортиқ давлат ва жамият манфаатларига зарар келтиргани аниқланди. Бу ҳақда Департаментнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Қўшкўпир туманида жойлашган «Б.С.» фермер хўжалиги раҳбари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат мақсадида «МТЗ-80» моторли сув насоси ускунасини табиий газ тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 417 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда эса “Ш.О." МЧЖ раҳбари О.Ю. МЧЖ ишлаб чиқариш цехидаги ускуналарни умумий фойдаланишдаги газ тармоғига яширинча улаб, 286,2 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний ўзлаштиргани маълум бўлган.Яна бир ҳолат Андижон вилояти Булоқбоши туманида аниқланди. Қайд этилишича, «Н.Ф-М.» МЧЖ энергетиги А.З. ва бошқалар МЧЖнинг ишлаб чиқариш ускуналарини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 230 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари фош қилинган.

Бундан ташқари, Шофиркон ва Ромитан туманларида жойлашган «И.Ф.» фермер хўжалиги ҳамда «Ч.К.» МЧЖ масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри улаб, жами 122,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижондаги ноқонуний майнинг-ферма давлат ва жамият манфаатларига 133,2 миллион сўм зарар етказгани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер