5600 долларга автомойка учун ер олиб бермоқчи бўлган “ҳокимлик ходими” қўлга тушди
Фото:iiv.uz
4 февраль куни Ички ишлар вазирлигига Н.О. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзини Олмазор тумани ҳокимлигининг ходими деб таништирган “Бекзод” исмли шахс туман ҳудудидан автомашина ювиш шаҳобчаси бизнесини юритиш учун ер олиб беришга туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш эвазига ҳокимлик масъул ходимларига бериш учун 5.000 АҚШ доллари ва давлат божи учун 600 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, шундан давлат божи учун 600 АҚШ доллари олганлигини ва қолган 5.000 АҚШ доллари ҳисобидан олдиндан 800 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар қилди.
Мазкур аризага асосан, шу куни Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи фуқаро У.Б. Шайхонтоҳур туманидаги “Беруний” метро бекати яқинида аризачидан 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Дастлабки суриштирув жараёнида фуқаро У.Б. 2018 йилда Жиноят кодексининг 168-моддаси, 28,211-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судланганлиги аниқланган.
Ҳозирда фуқаро У.Б. Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг