Даладан дастурхонгача тамойили деҳқонга ҳам, харидорга ҳам манзур
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Меҳмондўстлик, сахийлик ва очиққўлликни ўзгача қадрлайдиган ўзбек хонадонларида ҳеч бир байрам чиройли дастурхон безатишларсиз бўлмайди. Мустақиллик байрами арафасида ҳар бир оилада маълум турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортади. Бу бозорларда нарх-навонинг ошиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги мавжуд 19 та деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари, турғун савдо шохобчалари ҳамда маҳалла гузарларида «даладан дастурхонгача» тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, аксар деҳқон бозорларидаги савдо расталарини асосан олиб сотарлар эгаллаб, улар деҳқондан олган маҳсулотини қарийб икки баробар қимматига пуллашади. Деҳқонларнинг ўзи маҳсулотларини сотишса, бозор нарх-навоси қимматлашиб кетмаслиги, мўътадил ва ҳамёнбоп бўлиши кундай равшан.

Шу мақсадда савдо ярмаркаларига маҳсулот етиштирувчиларнинг бевосита ўзлари таклиф этилиб, уларнинг бозорларда ажратилган расталарда бемалол савдо қилиши учун барча қулайлик яратилмоқда. Бу деҳқонга ҳам, харидорга ҳам манзур.
Қарши шаҳридаги марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозорида арзонлаштирилган савдо ярмаркаси учун 20 дан ортиқ раста, 5 та савдо дўкони ажратилиб, фермер ва деҳқон хўжаликлари ўзлари етиштирган маҳсулотларни келтириб сотмоқда.
— Олтита чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, уларнинг ҳар куни белгиланган миқдорда гўшт маҳсулотларини шу ерга келтириб сотиши учун музлаткич ва бошқа зарур шароитларни ташкил қилиб бердик, — дейди бозор раҳбари Ойбек Пўлатов. — Натижада, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархи барқарорлиги таъминланмоқда. Шунингдек, паррандачилик хўжаликлари томонидан ҳар куни ярмаркага 300 килограммдан ошиқ парранда гўшти, 4 мингдан ортиқ тухум, деҳқон хўжаликлари томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари олиб келиниб, арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.

Кўкдала туманида яшовчи Асрор Бегимов ўзига тегишли деҳқон хўжалигида полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади. Унга вилоят марказидаги «Ерқўрғон» деҳқон (озиқ-овқат) бозоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмарка-савдоси учун ажратилган жойдан раста берилиши ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри реализация қилиши учун имконият яратди.
— Ҳар куни бир тоннадан ошиқ сабзавот маҳсулотларини даламиздан тўғри шу ерга келтириб сотаяпмиз, — дейди у. — Бу ўзимиз учун ҳам яхши имконият. Маҳсулотни ўз вақтида аҳоли дастурхонига етказиб бораяпмиз.
Айни пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари томонидан хилма-хил, сара мевалар, қовун-тарвузлар, сабзавотлар, гўшт, сут, қатиқ, қаймоқ, тухум каби паррандачилик ва чорвачилик маҳсулотлари қўлдан-қўлга ўтмасдан, савдо расталарида бевосита етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари томонидан сотилишини таъминлаш, нархлар асоссиз ошишига йўл қўймаслик борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Izohlar
Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?
Izoh qoldirish uchun tizimga kiring