«Зўравонликка қарши 16 кун» кампаниясининг очилиш маросими бўлиб ўтди

18:42 26 Ноябрь 2020 Жамият
4173 0

2020 йил 26 ноябрь куни «Зўравонликка қарши 16 кун» кампаниясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбир доирасида “COVID-19 пандемиясининг хотин-қизларга таъсири: унинг оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар, олинган сабоқлар ва кейинги қадамлар” мавзусида онлайн учрашув ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбирда сенаторлар, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер ва БМТнинг бошқа вакиллари, бир қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари қатнашди.

Онлайн учрашувда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, унинг оқибатларини юмшатиш ва кўриладиган чоралар, хусусан, амалиёт, муаммолар ва кейинги режалар ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Демократик ислоҳотлар натижасида аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги иштироки тобора кучайиб бормоқда. Буни ўтган йили декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар яна бир бор тасдиқлади. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил аввал Ўзбекистон бу борада 128-ўринда эди.

Қонунчиликни шакллантириш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўналишида сўнги тўрт йилда хотин-қизлар манфаатларига доир, халқаро стандартлар асосида 24 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Шу қаторда 2030 йилгача гендер тенглигига эришиш стратегияси ҳам ишлаб чиқилди.

Яна бир жиҳат. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йили тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ опа-сингилларимизга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида аёлларимиз учун жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Ишсиз ва «темир дафтар»га киритилган кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлардан 260,3 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди ва уларнинг иш ҳақи учун вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 270,5 млрд.сўм маблағлар молиялаштириб берилди.

Қолаверса, мамлакатимизда зўравонликни олдини олиш, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимли равишда йўлга қўйилган. Жумладан, ўз ўзини изоляциялаш режими жорий этилиши билан Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳузуридаги «ННТлар бирлашмаси» ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йил 10 апрелдан бошлаб «Ишонч телефони» хизмати ишлашни бошлаган. Ушбу давр мобайнида 4000 га яқин мурожаатлар қабул қилинди. Шулардан 40 фоизи зўравонлик ҳолатларига боғлиқ бўлиб, хотин-қизларга психологик, юридик ва реабилитация ёрдами кўрсатилган.

Тадбирда давлат органлари ва ННТлар ҳамкорлиги, мигрантлар ва зўравонлик, ижтимоий меъёрларнинг ўзгаришида ОАВ роли, зўравонлик оқибатларини юмшатишда ҳимоя ордерининг роли каби мавзулар муҳокама қилинди.

Шунингдек, аёлларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини янада оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш чораларини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер