Журналистлар уюшма атрофида янада жипслашиши керак
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлимининг ҳисобот йиғилишида 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
— Ортда қолган йил салмоқли натижаларга бой бўлди, — дейди бўлим бошлиғи Махфурахон Ортиқова. — Жумладан, турли танловларда 200 нафар журналист 1000 дан ортиқ материаллари билан иштирок этди. 50 дан зиёд матбуот анжуманлари ва пресс-турлар ташкил этилди. Ҳар бир фахрий хонадонига бориб, уларнинг холидан хабар олинди. Бўлим қошида ташкил этилган бўлажак журналистлар учун машғулот қатнашчиларидан 9 нафари шу йўналиш бўйича олий таълим талабасига айланди. Қолаверса, ўнлаб ижодкорларнинг янги асарлари тақдимотларини ўтказдик. Республикамизнинг турли вилоятларига уюштирилган сафар давомида ўзаро тажриба алмашиш имконияти яратилди.
Ҳисобот йиғилишида таъкидланганидек, 2023 йилда турли спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ташкил этилиб, уларда соҳа ходимларининг ўз ижод намуналарини намойиш этиш билан бир қаторда соғломлаштириш машғулотларида ҳам фаол иштирок этганликлари айтиб ўтилди.
— Ҳар бир спорт мусобақаси ижодкорлар учун ҳақиқий байрам тадбирига айланиб кетди, — дейди фахрий журналист Тўлқин Сиддиқов. — Мисол учун, йил якунида бўлиб ўтган тадбир вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 250 нафар ҳамкасбимиз фаол иштирок этди.
— Қувонарли жиҳатлардан бири, журналистлар уюшмаси нафақат, матбуот, балки барча соҳа ходимларини қўллаб-қувватламоқда, — дейди журналист Абдували Қурбонов. — Масалан, “Йил фаоли” тадбирини олайлик. Унда мавжуд йўналишлар бўйича энг фаол фуқаролар ижтимоий тармоқда овоз бериш орқали танлаб олинди. Бундай тадбирларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, уюшманинг вилоятдаги бўлими фаолияти қониқарли баҳоланган бўлсада, камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Шунинг учун 2024 йилда муваффақиятлар салмоғини янада ошириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг