ЖССТ Ўзбекистондаги онкологик касалликларга чалинган болаларга бепул дори-дармонлар етказиб беради
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) онкологик касалликларга чалинган болаларни бепул даволаш бўйича янги дастурни ишга туширди. Ушбу пилот лойиҳа доирасида иштирокчи давлатлардаги саратон касаллигига чалинган болалар узлуксиз ва бепул тарзда юқори сифатли дори-дармонлар билан таъминланади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, фармацевтика маҳсулотларининг дастлабки партияси Мўғулистон ва Ўзбекистонга етказилади. Кейинги босқичда ушбу лойиҳа доирасида Эквадор, Иордания, Непал ва Замбия давлатлари ҳам қамраб олинади. ЖССТ маълумотларига кўра, дастур жорий йил давомида ушбу олтита давлатдаги 30 та шифохонада даволанаётган 5 минг нафарга яқин болаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишни мақсад қилган.
Ташкилотнинг таҳлилларига кўра, ҳар йили дунё бўйича тахминан 400 минг нафар болага онкологик касаллик ташхиси қўйилади. Уларнинг ҳаёт давомийлигини узайтириш ва саломатлигини тиклаш учун юқори самарадорликка эга дорилар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу дастур орқали болалар учун керакли дори воситалари барқарор етказиб берилади, бу эса касалликни даволаш жараёнини яхшилашга хизмат қилади.
ЖССТ лойиҳада иштирок этиш учун яна олтита давлатни таклиф қилган. Умуман олганда, келгуси 5-7 йил ичида бу кўрсаткични 50 та давлатга етказиш режалаштирилган. Бундай кенг қамровли дастур ёрдамида 120 мингга яқин онкологик касалликка чалинган болаларга беғараз тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг