ЖССТ айрим вирусли касалликлар авж олишидан огоҳлантирмоқда
Мутахассислар Тинч океани марказидаги катта массага эга сув ҳарорати билан боғлиқ Эль-Ниньо ҳодисаси дунё иқлимининг “мотори” эканини таъкидлайди.
Чунки бу феномен Тинч океани сирт ҳароратининг 3 °C дан кўпроқ ошишини англатиб, кучли қурғоқчилик, сув тошқинлари, ёғингарчилик ва аномал иссиқликка сабаб бўлади.
Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023-2024 йилларда вирусли тропик касалликлар авж олишини прогноз қилиш асносида аллақачон бу хавфга тайёргарликни бошлаб юборган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесуснинг сўзларига кўра, денге ва чикунгуня иситмалари ҳамда Зика вируси билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши кутилмоқда. Бу хасталикларнинг барчаси одамларга чивинлар чақиши орқали юқиши кузатилади.
“Сўнгги ўн йилликда дунё бўйлаб денге иситмасига чалиниш ҳолатлари кескин ошди, — дейди Т. Гебреесус. — Айниқса Шимолий ва Жанубий Америкада ўтган йили 2,8 миллион ҳолат қайд этилган ва беморлардан 1280 нафари ҳаётдан кўз юмган”.
ЖССТ таҳлилида келтирилишича, 2016-йили Эль-Ниньо билан боғлиқ табиий офатлар 30 та мамлакатда 60 миллионга яқин инсонга зиён етказган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг