Жўшда жўшқин ҳаёт нафаси

18:20 02 Март 2020 Жамият
2018 0

Самарқанд вилояти марказидан қарийб 150, Қўшработ тумани марказидан эса 45 километр узоқликда жойлашган Жўш қадим тарихга эга бўлган йирик аҳоли масканларидан бири ҳисобланади. Кўплаб олиму фузалолар, ижодкорлар, маърифатпарварларга бешик бўлган мазкур қишлоқ аҳли ўзининг бағрикенглиги, мард ва тантилиги билан ном қозонган. Бу ерда айни пайтда 26 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар қайси ҳудудда бўлгани каби жўшликлар ҳам давр талаби билан ҳамоҳанг ҳолда замон тараққиётининг ютуқ ва қулайликларидан баҳраманд бўлиб, бахтли, фаровон яшашни истайди.


Аммо, узоқ йиллар давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, энг муҳими, одамларга чин маънода, бахтли, фаровон яшаши учун қулайликларни яратишга етарли эътибор қаратилмагани оқибатида қишлоқ аҳолисининг аксарияти мураккаб шароитларда қийналиб яшашга мажбур бўлиб келаётган эди. Қўшработ туманидаги кенгликлар, қир ва адирлар бағрида жойлашган Жўш ҳам бугун том маънода обод масканга айланди.

“Одамларимиз юртимизда рўй бераётган туб ўзгаришларни, олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларини эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак”. Президентимизнинг миллионлаб ватандошларимизга умид ва ишонч берган ушбу сўзлари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида олиб борилаётган амалий ишларга, кишиларнинг бахтиёрлигига сабаб бўлаётгани ҳақиқат. Ҳудудда давлатимиз раҳбари асос солган “Обод қишлоқ” дастури асосида улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
 

Куни кеча Жўш қишлоғида Дастури доирасида бунёд этилган ўнлаб иншоотлар фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда давлат ва жамоат арбоблари, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган бахшилар, таниқли санъаткорлар, вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Баҳорнинг биринчи кунида Жўшда ўтказилган тадбирлар Эргаш Жуманбулбул ўғли мақбарасини зиёрат қилиш билан бошланди. Дастур асосида обод этилган боғ марказидаги бахши ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
 

Таъкидлаш лозимки, айни пайтда бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли туғилиб ўсган Қўрғон қишлоғи маркази замонавий шаҳарчага айлантирилган. Бахши-шоирнинг бир пайтлар пастқам, девори пахсадан бўлган уй-музейи ва кўримсиз боғ ўрнида бугун гўзал манзара касб этган муқаддас зиёратгоҳ пайдо бўлган. Мажмуада Эргаш Жуманбулбул ўғли мақбараси, ҳайкали ва мемориал музейи ўрин олган.
 

- Эргаш бобомнинг эски уй музейи отам Ойдин Синдаров ташаббуси билан ташкил этилган эди, — дейди юридик фанлари доктори Комил Синдоров. — У қишлоқма-қишлоқ юриб икки йил давомида 3 мингдан зиёд экспонатлар йиққан эди. Бахши бобомга тегишли бўлган дўмбиралар, кийимлар, рўзғор буюмлари ва бошқа қадимий ноёб экспонатлар 40 йилда зиёдроқ вақт давомида ўша эски уй музейида сақланди. Бугун эса улар замонавий музейдан жой олиб тургани биз — Эргаш Жуманбулбул ўғлининг невара-чеваралари қалбига ўзгача ғурур бағишлаб турибди.

Бахши боғи атрофида вилоят ва туман маҳаллий бюджети маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан бунёд этилган эҳтиёжманд, тураржойга муҳтож оилалар учун 70 дан ортиқ янги уй-жойлар, шинам иншоотлар Қўрғон кўркига кўрк қўшиб турибди. Бир йил аввал кечалари зимистон бўлган кўчалар чароғон бўлиши учун замонавий чироқлар ўрнатилган.
 

Минг йиллик тарихга эга бўлган Жўш ота маҳалласи марказида ҳам ўнга яқин объектлар фойдаланишга топширилди.

Маҳалла фуқаролар йиғини, туман ички ишлар бўлимига қарашли 14-сонли ички ишлар бўлинмаси, 20-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси Жўш филиалининг янги замонавий бинолари халққа хизмат кўрсатишни бошлади.

- Етарли шароитларга эга бўлмаган, бир қаватли, кўримсиз шифо масканимиз ўрнида янги икки қаватли бино қурилди, — дейди туман тиббиёт бирлашмасининг Жўш филиали катта ҳамшираси Клара Бобоназарова. — 25 ўринли шифохонада 4 та бўлим ишлаб турибди. Жўш ота ва Юқори Жўш маҳаллаларининг 7000 нафарга яқин аҳолисига хизмат кўрсатамиз.

Ҳудуддаги узоқ йиллар эътиборсиз қолган, XI асрга тегишли Жўш ота масжиди ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида тўлиқ таъмирланиб, қўшимча бинолар қурилиб, замонавий муқаддас мажмуага айлантирилди.

Масжиднинг ёнгинасидаги қадимий деҳқон бозори ҳам капитал реконструкция қилинди. 1200 савдо растасига эга ушбу мажмуада олис қишлоқ аҳолисига замонавий савдо хизматлари кўрсатиш учун шарт-шароит яратилди. Шарқ ширинликлари, барча жойда харидоргир Қўшработ майизи, нон ва нон маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари сотиш учун алоҳида савдо павилонлари бунёд этилди. Бозор атрофида эса тадбиркорларга юзга яқин савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари ажратилди, улар бир хил лойиҳа асосида қурилган.

Тадбирлар замонавий қиёфа касб этган Чиммос маҳалласидаги янги иншоотларни фойдаланишга топшириш билан давом этди. Зарур тиббий ускуналар билан таъминланган “Чиммос” қишлоқ врачлик пункти шу ҳудуддаги беш минг нафар аҳолига хизмат қила бошлади. Шу пайтгача бу тиббиёт муассасаси “Қўштамғали” қишлоқ врачлик пункти филиали сифатида оғир шароитларда фаолият кўрсатиб келар эди. Энди алоҳида, барча замонавий шароитлар яратилган бинода аҳолига хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳам ташкил этилган.
 

Инвестиция дастури асосида 340 ўринга мўлжалланган 41-умумий ўрта таълим мактаби реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилганидан чиммосликлар чин дилдан хурсанд. Мактабнинг эски биноси 2013 йилда қурилиб, 160 ўринли бўлган. Ўқувчилар кўплиги ҳисобга олиниб, ўтган йили 180 ўринли қўшимча бино қурилди. Ҳозирги кунда мактабда 312 нафар ўқувчи таълим оляпти. Эски бинони таъмирлаш ва қўшимча бинони қуриш ишларига 6 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланган.

Тадбирларда иштирок этган сенаторлар ва профессорлар томонидан шу мактабда ўқувчилар учун Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятига бағишланган маҳорат дарслари ташкил этилди.

Шу ҳудудда жўшлик хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган, замонавий тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланган “Samarqand baraka chevarlari” масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда 100 нафарга яқин ишчи ходим фаолият юритаётган корхонада махсус иш кийимлари тайёрланмоқда.
 


Қисқаси, Жўшда ўтган бир йил давомида 9 та маҳалла тасарруфидаги 48 та қишлоқда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, мавжуд турар ва нотураржой бинолари тартибга келтирилди, коммуникация тармоқлари, маиший хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектлари таъмирланди, йўллар кенгайтирилди. Ҳудуддаги 19 та мактаб тўлиқ таъмирланиб, 11 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. 9 та янги маҳалла марказлари қурилди. Фуқароларни оммавий тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича хайрли тадбирлар ташкил этилди.

Ўнлаб иншоотнинг тантанали очилиш маросимларидан сўнг жўшликлар учун ҳудуд марказидаги истироҳат боғида жойланган амфитеатрда маданий тадбир намойиш этилди. Унда пойтахт ва вилоятдан келган таниқли хонандалар, қизиқчилар, актёрлар ўз чиқишлари билан иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
 

- Фойдаланишга топширилган деярли барча иншоотларни кўздан кечирдим, — дейди шоира Жумагул Сувонова. — Жўшликларнинг шодлигига шерик бўлиб илҳомландик. Чекка қишлоқларда шаҳар шароити яратилганидан қувондик. Жўшликларнинг энди янада жўшиб яшаши табиий!

Ҳа, 2020 йил баҳорининг илк куни жўшликлар учун мана шундай унутилмас бўлди. Жўшда амалга оширилган бу каби улкан бунёдкорлик, яратувчилик ишлари аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириб, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашига хизмат қиади, албатта.
 

Абдулазиз Йўлдошев("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер