Жомбойдаги очиқ ер майдонида экспортбоп помидор етиштирилмоқда

19:21 11 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1954 0

Кўпчилик помидор, бодринг, қулупнай сингари сабзавот ва полиз маҳсулотларини иссиқхона шароитида етиштириш орқали экспортга йўналтириш самарали деб ҳисоблайди. Аммо Жомбой туманидаги кўпни кўрган, тажрибали бободеҳқонлар очиқ ер майдонида ҳам экспортбоп маҳсулот етиштириш имконияти мавжудлигини амалда исботлашга киришдилар, деб хабар бермоқда «Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.

Гап шундаки, туманнинг «Оқ олтин» ММТП ҳудудида жойлашган «Агро Гумуш Жомбой» МЧЖ томонидан туркиялик ҳамкорлар билан 25 гектар ер майдонида помидорнинг «Ложейн» нави парваришланмоқда. Ушбу нав серҳосил, экспортбоп, асосан қуритилган ҳолатда ва томат пастаси ишлаб чиқаришда жуда қўл келади.

Эътиборлиси, помидор кўчатлари парвариши юзасидан бажариладиган агротехник тадбирлар инновацион технологиялар асосида амалга оширилади. Жорий йилда 2 минг 500 тоннадан ортиқ сифатли помидор маҳсулоти йиғиштириб олиниб, уни саноат асосида қайта ишлаган ҳолда чет давлатларга экспорт чиқарилади. Шунингдек, бу ерда 25 гектарга узумнинг Ризамат, Келинбармоқ, Ҳусайни, Қоракишмиш навлари экилган бўлиб, 1 минг 250 тонна маҳсулот экспортга чиқарилиши режалаштирилган.

Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, картошкага бўлган талабини тўлақонли қондириш мақсадида жамият томонидан ғалладан бўшаган 20 гектар ер майдонига Голландиядан келтирилган картошка экилиб, минг тоннадан ортиқ картошкани ички бозорга чиқариш мўлжалланмоқда.

«Агро Гумуш Жомбой» МЧЖ қошида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли тарзда сақлаш ва экспортга йўналтириш мақсадида 500 тонна сиғимга эга бўлган замонавий музлатгич ишлаб турибди.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер